Жамият | 14:14 / 22.08.2022
23911
3 дақиқада ўқилади

Бир бозорда 170 тоннагача майиз сотилади – Навоийдаги узумчилар қишлоғи

Хатирчи туманининг Тасмачи маҳалласида майиз бозори бор. Ҳафтада икки кун бўладиган бозорда 170 тоннагача майиз сотилади. Харидорлар турли вилоятлардан келишади. Мазкур қишлоқда узумчилик билан шуғулланмайдиган хонадонни топиш қийин.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Тасмачи майизлари ширадорлиги юқорилиги билан харидоргир ҳисобланади. Ҳудудда қарийб 3 минг гектар токзор бор. Қишлоқдаги хонадонларнинг деярли барчаси майиз ортидан даромад қилади.

Тасмачи қишлоғимизни юртга, чет элларга танитган боғларимиз, майизимиз бўлади. 30 йилдан бери боғдорчилик билан шуғулланамиз. Боғларимиз яхши: Тасмачи қишлоғининг табиати, ери боғ учун мўлжалланган. Мана, ҳосилимизни йиғиштириб оляпмиз, узумларни узиб бўлдик. Табиатнинг инжиқ келганлигига қарамасдан, ҳосил яхши. Боғимизда узумнинг тоифи, қора кишмиш каби ҳосилдор, сувга чидамли 6-7 хил нави бор. Бу йил 45-50 даражагача иссиқ бўлди. Шунга ҳам боғларимиз чидади”, — дейди боғбон Сирожиддин Ўрозов.

Қишлоқдаги узумчилик фермер хўжаликлари аҳолига шартнома асосида 50 сотих, 1 гектардан боғ ажратиб беради. Ҳосил йиғилгач, шартномадан ошган қисми майиз қилинади. Тасмачида катта майиз бозори ҳам бор. Ҳафтасига икки маротаба бўладиган бозор сентябр ойидан анча фаоллашади.

Ёш боғбон Комил Пармоновнинг таъкидлашича, мазкур бозорда бир кунда 170 тоннагача майиз сотилади:  

1 гектар боғим бор. Йилига 35-40 миллион сўм соф даромад қиламан. Узилган узумлар асосан икки хил, яъни илмаки ва ёйма усулда майиз қилинади. Ёйма усулда ҳосил оддий ерга, боғ ораларига ёйиб чиқилади. Илма усулда эса ёғочдан ясалган махсус деворларга осилади. Илмаки усулда узум узун бўлиб, чўзилиб қурийди. Шу сабабли, майизи ҳам харидорбоп, сифатлироқ бўлади. Ёйма майизнинг нархи ўртача 15-20 минг сўм атрофида бўлса, илма майиз бундан 10-15 минг сўм юқори нархда сотилади. Тўғри, илма усулнинг меҳнати кўпроқ, аммо нархида яхшигина фарқи бор”.

Тасмачида токзорлар йилдан йилга кўпайиб боряпти. Хатирчи тумани ҳокими ўринбосари Жалил Рашидовнинг маълум қилишича, жорий йилдан қишлоқда ҳар йили август ойида узум фестивали ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси – Муҳиддин Нидо.

Мавзуга оид