Ўзбекистон | 00:18 / 11.03.2020
12312
4 дақиқада ўқилади

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган экин майдонларининг 30 фоизга яқини қайтарилди – Ергеодезкадастр

2 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 7948 гектар экин майдонидан қарийб 30 фоизи қайтарилган.

Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани «Халқобод» маҳалласи

Бу ҳақда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси Абдушукур Абдуллаев 10 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган «Ҳукумат соати»даги ҳисоботида маълум қилди.

«Таҳлилларимизга кўра, 2020 йилнинг 1 февраль ҳолатига:

  • республика миқёсида 37700та ҳолатда суғориладиган ерлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган;
  • жами 7948 гектар экин майдонида уйлар қурилган, боғлар ташкил этилган, айрим фермерлар ўзига фойдаланиш учун берилган ерларни тураржой қуриш учун бошқа фуқароларга сотиб юборишган.
Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Мана шу ҳолатларга барҳам бериш, давлат захирасида турган ер майдонларини  давлатга қайтариш бўйича давлат раҳбарининг топшириғига биноан бутун республика бўйича кенг масштабда ишлар олиб борилмоқда.

Шу мақсадда ҳар бир туманда маҳаллий ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамда ер билан боғлиқ масалаларда мутасадди ҳисобланган ташкилотларнинг вакиллари иштирокида ишчи гуруҳлар тузилган бўлиб, уларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида 2020 йил 2 март ҳолатига кўра ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 7948 гектар экин майдонининг қарийб 30 фоизи қайтарилди», деди Абдуллаев.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

«2000 йилдан то шу кунгача бўлган вақт мобайнида республикамизда 160 минг гектарга яқин ер майдони суғориладиган ер майдони тоифасидан чиқиб қолган. Аслида улар суғориладиган ерлар ҳисобланади. Бу ерлар ҳисоботларда экин майдони деб кўрсатилиб келинган.

Жойига чиқиб ўрганганимизда бундай ерларда турли хил бино-иншоотлар, ишлаб чиқариш объектлари қуриб ташланганини кўрдик.

Ўзбекистонда экин майдонлари чексиз эмас. Экин майдонларимиз 4,2 млн гектарни ташкил қилади. Бунинг ҳаммаси суғориладиган ер эмас, афсуски, уларнинг ҳажми анча кам», дейди Абдушукур Абдуллаев.

Манба: "Ергеодезкадастр"

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси катта шов-шув келтириб чиқарган Сурхондарё вилояти Олтинсой туманининг «Халқобод» маҳалласида фермер хўжалигига ажратилган ер майдонида ноқонуний тураржойлар барпо этган фуқаролар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасидаги можароли ҳолатга ҳам тўхталиб ўтди.

«Охирги пайтларда айрим ҳудудларимизда кузатилган нохуш ҳолатлардан сабоқ олган ҳолда ерларни давлатга қайтаришда босқичма-босқич ҳаракат олиб бориляпти. Биринчи навбатда оғриқсиз ҳал этиладиган масалалар бор, яъни ишчи гуруҳнинг ўрганишлари давомида экин экиладиган ерга аҳоли шағал тўкиб, ўзига йўл қилган ёки ер майдонини бетон ғиштли девор билан ўраб олиб, ўша ерда қурилиш қилмоқчи бўлган ҳолатларга ечим топиляпти.

Шунингдек, тураржойнинг пойдевори кўтариб қўйилган, энди уй қура бошлаганлар билан ҳам тегишли тушунтириш ишларини олиб бориш натижасида ерлар қайтарилмоқда.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерда уй қуриб олиб, у ерда яшаётганлар масаласи – энг оғриқли масалалардан бири. Бу ишлари нотўғри эканини тушунтирсангиз, хатосини тан олиб ноқонуний эгаллаган жойларидан чиқиб кетаётганлар жуда кам. Уйлари бузилган, борадиган бошқа жойлари бўлмаганидан, кўчада қолаётганлар ҳам бор. Шуни инобатга олган ҳолда, муаммони бошқача йўл билан ҳал этиш масаласи кўрилаяпти», дейди «Ергеодезкадастр» қўмитаси раиси.

Мавзуга оид