Жамият | 19:59 / 26.02.2020
15522
4 дақиқада ўқилади

«Айрим ота-оналар етимларга бериладиган имтиёзга кўз тикиб болаларини меҳрибонлик уйларига топширишган» – Дилшод Кенжаев

Бугунги кунда Ўзбекистондаги меҳрибонлик уйларида 2369 нафар бола тарбияланмоқда ва уларнинг 14 фоизигина чин етим холос, қолганларининг ота-онаси бор.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев 26 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилишича, айрим ота-оналар болаларини меҳрибонлик уйларига бериш орқали ўзларининг муаммоларини ҳал этишга уринмоқда.

«Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг 338 нафари, яъни 14 фоизи чин етим, уларнинг на отаси ва на онаси бор. Суд қарори билан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганларнинг фарзандлари 811 нафар (34 фоиз), отаси ёки онаси ҳаёт бўлганларнинг фарзандлари 569 нафар (24 фоиз), кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари 420 нафар (18 фоиз) ташкил этади.

Бундан ташқари, меҳрибонлик уйларида тарбияланаётганларнинг 98 нафари ногиронлиги бор шахсларнинг фарзандлари, 133 нафари озодликдан маҳрум этилганларнинг фарзандларидир», дея Дилшод Кенжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир ўринбосари айрим ота-оналар болаларини меҳрибонлик уйларига бериш орқали ўзларининг муаммоларини ҳал этишга уринаётганига эътибор қаратди.

«Ҳамма нарсаси бор бўла туриб, фарзандини меҳрибонлик уйларига бериб юборганлар ҳам бор. Масалан, Самарқанд вилоятининг биргина Паст Дарғом туманида кам таъминланган оилаларнинг 34 нафар боласи меҳрибонлик уйига топширилган. Бу – республика бўйича битта туман миқёсидаги энг катта кўрсаткич.

Кам таъминланган оила фарзандлари аслида бир йилга жойлаштирилади, лекин амалда улар йиллар давомида қолиб кетишмоқда. Шу сабабли, бундай оилаларнинг фарзандларини, шунингдек, отаси ёки онаси ҳаёт бўлган етимларни оиласи бағрига қайтариш чорасини кўришимиз керак. Чунки ота-онаси тирик бўла туриб, уларнинг фарзанди меҳрибонлик уйида юриши халқимиз учун уятли ҳолат ҳисобланади», дейди у.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Дилшод Кенжаев меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига ота-она меҳридан бошқа ҳеч нарса керакмаслиги, бироқ ўзлари ҳаёт бўлиб, фарзандини меҳрибонлик уйига топширганларнинг асосий илинжи давлат томонидан етимларга бериладиган имтиёзларга «илиниш» экани, лекин амалдаги қонунларга кўра фақат чин етимларгина ушбу имтиёзлардан фойдаланиши мумкинлиги, отаси ёки онаси ёхуд ҳар иккиси тирик бўлган тарбияланувчиларга мазкур имтиёзлар татбиқ этилмаслигини айтиб ўтди.

«Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган, ҳар қанча яхши шароитда яшаётган болаларнинг ўзига қўйиб берилса, егани олдида, емагани кетида бўлса ҳам барибир уйимга, ота-онамга кетаман дейди. Чунки оиладаги муҳитни, ота-онанинг меҳрини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди.

Ота-оналар етимларга давлат томонидан бериладиган имтиёздан фойдаланиш мақсадида фарзандларини меҳрибонлик уйларига топшираётган ҳолатларга ҳам тез-тез дуч келяпмиз. Кўп жиҳатдан ота-онаси тирик етимларга ҳеч қандай имтиёз берилмаслигини билмагани учун ҳам боласини меҳрибонлик уйларига топширишаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Жиззахдаги меҳрибонлик уйида 17 нафар тарбияланувчи қизлар билан гаплашганимда 4 нафари чин етим, қолганларининг ё отаси, ё онаси, ё ҳар иккиси ҳаёт экани маълум бўлди.

Масалан, 10-синфда ўқиётган қиз «Мени меҳрибонлик уйидан чиқариб юбормай туринглар, битирганимдан кейин имтиёз оламан, ота-онам шу ерда яшаб тур деяпти», деб айтди. Бир ота-она фарзандини меҳрибонлик уйи қабул қилмаётганидан шикоят қилиб келди. «Биз Россияга ишлашга кетяпмиз, унгача боламиз меҳрибонлик уйида бўлиб туради, битиргандан кейин унга уй-жой берилади, шундан кейин деярли ҳамма муаммомиз ҳал бўлади», деб айтяпти. Айрим ота-оналар қанчаликка боришаётганини кўряпсизларми?», дейди вазир ўринбосари.

У ҳокимлар қарор чиқараётганда ота-она ўзлари тирик бўла туриб, боласини меҳрибонлик уйига бераётганига эътибор қаратиши, оиланинг муаммосини аниқлаши, яъни улар чиндан ҳам боласини боқа олмаётгани учун ёки етимларга бериладиган имтиёздан фойдаланиш мақсадида бу ишга қўл ураётганига ойдинлик киритиши кераклигини таъкидлаб ўтди.

Мавзуга оид