Ўзбекистон | 14:34 / 20.12.2018
8326
3 дақиқада ўқилади

Навоийда замонавий Давлат хизматлари маркази ўз фаолиятини бошлади

Навоий шаҳрида Давлат хизматлари маркази фаолият бошлади. Бу ерда вақтинчалик рўйхатдан ўтиш, тадбиркорларга бож тўловларини амалга ошириш, фуқаролик биометрик паспортини бериш, эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш ва бошқа давлат хизматлари кўрсатилиши кутилмоқда.

Фото: Давлат хизматлари маркази

Бу ерда мобил телефон ёки планшетни қувватлаш имкони ҳам яратилди. Янги Давлат хизматлари маркази гаджетларни қувватлаш учун махсус станциялар билан жиҳозланган.  

Фото: Давлат хизматлари маркази

Давлат хизматлари агентлигининг ташкил этилиши биланоқ унинг таркибига кирувчи Марказларда фуқароларга хизмат кўрсатиш стандартларига юқори талаблар белгиланган. Шу боис, мазкур Марказлар қисқа фурсатда ўзларини бир том остида энг керакли давлат хизматларини қулай ва ортиқча вақт ва пул сарфламасдан олиш мумкин бўлган уникал майдонча сифатида танитди. Навоий шаҳар ДХМ мазкур тамойилнинг яққол мисолидир.

Фото: Давлат хизматлари маркази
Фото: Давлат хизматлари маркази

Марказ ўзининг ноанъанавий архитектура ечими билан ҳайратда қолдирадиган 15 минг метр квадрат майдонли 4 қаватли янги бинода жойлашган. Ягона оқ-феруза услубидаги дизайн барча янги Марказларнинг ўзига хос белгисига айланяпти. Бундан ташқари, қурувчи ва архитекторлар халқ кирадиган жой кўркам, барча қулайликларга эга бўлиши лозимлигини инобатга олишган. Шу боис интерьер ечими ҳам хизмат олувчиларга яхши кайфият бағишлайди.

Фото: Давлат хизматлари маркази

Марказнинг кириш йўлагидаги замонавий ресепшнда электрон навбат талонини олиш, қайси ойнага мурожаат этиш кераклигини тушунтиришга ҳамиша тайёр давлат хизматлари маслаҳатчилари сизни табассум билан қарши оладилар. Шу билан бирга, давлат хизматларини олиш жараёнлари ҳақидаги видеороликлари билан танилган робот ҳам ташриф буюрувчиларга маслаҳат беради. 

Зал бўйлаб ўрнатилган белгилар давлат хизматини олиш учун қадам-бақадам йўналтиради. Электрон навбат олиш учун инфокиоск ишлаб турибди. Талонни олиб кутиш залидаги шинам ўриндиқларга жойлашиш мумкин. Мониторлар орқали эса навбат келгани ҳақида хабардор қилиб, қайси қабул ойнасига ўтиш кераклиги кўрсатилади.

Янада қулайлик яратиш мақсадида бу ерда болалар ўйингоҳи, давлат божини тўлаш учун махсус касса ва бошқалар ишлаб турибди. Ташриф буюрувчилар бепул WiFi дан фойдаланиш имконига эга.

Фото: Давлат хизматлари маркази

Имкониятлари чекланган шахслар учун тегишли аравача ва пандус ўрнатилган. Умуман олганда, ҳар бир фуқарога алоҳида эътибор, жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари ҳисобга олинган.

Бу ерда 60 та қабул ойнаси орқали юздан ортиқ энг оммабоп давлат хизматларини олиш мумкин.

Мавзуга оид