Жаҳон | 00:46 / 02.05.2018
9872
2 дақиқада ўқилади

Арктикадаги музда Трампнинг 35 метрлик боши ўйиб чиқилмоқчи

Фото: РИА Новости

Финляндиянинг “Эриётган муз” ноҳукумат ташкилоти глобал исиш муаммоларига эътибор жалб қилиш мақсадида Арктикада АҚШ президенти Дональд Трампнинг бошидан иборат улкан монумент яратиш бўйича лойиҳани ташкиллаштирди.

“Project Trumpmore” сайтида маълум қилинишича, Трампнинг музда ўйиб чиқиладиган бошининг баландлиги 35 метр, эни ва чуқурлиги 20 метрдан бўлади. Бу ўлчамлар АҚШдаги Рашмор тоғида ўйиб чиқилган 4 нафар АҚШ президенти монументининг ўлчамларига тенг. Лойиҳани амалга ошириш учун маблағ йиғила бошланди. Монументни яратиш учун 400 минг евро керак бўлади. Трампнинг “бошини” яратиш билан финляндиялик ва мўғулистонлик ҳайкалтарошлар шуғулланадилар ва бунга 4 ҳафта кетади. Монумент яратиладиган жой ҳали белгиланмаган. 

“Глобал исиш замонамизнинг энг йирик муаммоларидан бири ҳисобланади. “Бу ҳақиқатан ҳам муаммоми?” деб ўйлайдиган одамлар ҳам бор. Биз барчамиз учун ёдгорлик яратмоқчимиз ва у эриб кетишидан аввал қанчалик кўп туришини кўрмоқчимиз. Кўпинча одамлар бирор нарсани ўз кўзлари билан кўрсаларгина унга ишонадилар”, деб айтган ташкилот раиси Николас Прието.

Трамп иқлимнинг глобал исиши назариясини шубҳа остига олиб келади. Шу сабабли ҳам АҚШ 2017 йилда Иқлим бўйича Париж келишувидан чиқиб кетган. Трампнинг айтишича, бу келишув АҚШнинг иқтисодий манфаатларига жавоб бермаган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид