Жаҳон | 17:03 / 07.02.2024
18864
5 дақиқада ўқилади

Украина бўйлаб яна ёпирилма ҳужум уюштирилди, қурбонлар бор

Ракета ва дронлар билан берилган зарбалар оқибатида Киевда кўп қаватли уйда ёнғин чиққан. Миколайивда ўнлаб бинолар шикастланган.

7 февралга ўтар кечаси ва тонгда Россия қўшини Украина шаҳарлари бўйлаб ёппасига ракета зарбалари йўллади. Киев ва Миколайивда маҳаллий расмийлар ҳозирча беш киши ҳалок бўлгани ва 20 га яқин киши яралангани ҳақида маълум қилган. Россия мудофаа вазирлиги ёппасига зарбалар йўлланганини тасдиқлаган..

Киевда Голосеевский районидаги 18-қаватли турар жой биносига жиддий шикаст етган. Бу ерда кўплаб квартиралар кучли ёнғин ичида қолган. Уйда деразаларнинг ойналари тўкилган ва балконлар вайрон бўлган.

Шаҳар мэри Виталий Кличконинг хабар беришича, уйда яшовчилардан тўрт киши ҳалок бўлган. Украина ички ишлар вазири Игор Клименко 19 киши жароҳатлангани, 60 дан ортиқ киши эвакуация қилингани ҳақида хабар берган.

Шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Попкога кўра, ҳарбийлар Киевга ракета ҳужумларини қайтариш чоғида йигирмага яқин қанотли ракеталарни уриб туширишга муваффақ бўлишган.

«2024 йилда Киевга учинчи ракета зарбаси. Душман Россия ҳудудидан туриб Ту-95МС стратегик бомбардимончилари бортидан Х-101/Х-555/Х-55 қанотли ракеталарини учирган. Ҳаво тревогаси уч соатга яқин давом этди», — деган Попко. Унинг сўзларига кўра, ракеталар Украина пойтахтига бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишлардан бир неча тўлқин бўлиб яқинлашган.

Қурбонлар фақат Киев билан чекланмаган. Қутқарувчилар хабар беришича, Миколайив ўққа тутилиши оқибатида 70 ёшли киши ҳалок бўлган. У «Нафтогаз»нинг газ тармоғида хизмат қилувчи монтёри бўлган. Компания матбуот хизмати аниқлик киритишича, ракета унинг уйи олдига тушган. Шаҳарда иккита газ қувури шикастланган.

Россия мудофаа вазирлиги Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар йўлланганини тасдиқлаган. Россиялик ҳарбийлар ҳарбий-саноат комплекси корхоналарига «ҳаво ва денгиздан туриб юқори аниқликда ва узоқ масофага ҳаракатланувчи» қуроллар, шунингдек дронлар билан гуруҳли зарбалар йўлланган.

Киевдаги жабрланувчилар

Икки ҳафталик танаффусдан кейинги янги зарба

Бу 23 январдан буён илк комбинацияланган ҳужум бўлди. Ўшанда, Украина ҚК маълумотига кўра, дронлар ҳужуми ортидан Ту-95МС бомбардимончи самолётлари қанотли ракеталар учириб, Киев, Харкив ва Павлоградга зарба берган. Ўнлаб кишилар жароҳатланган, қурбонлар ҳам қайд этилганди.

Декабр ойи бошидан буён Россия Украинага олтинчи марта тунда ёпирилма зарбалар йўллади. Киев шу йилнинг ўзида учинчи бор зарба остида қолди.

Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари маълумотига кўра, бу сафар ҳужумда қанотли, баллистик ва зенит ракеталар, шунингдек дронлар қўлланган, учувчисиз учар қурилмалар энг аввалида учиб келган.

Хабарга кўра, жами 44 та ракетадан фойдаланилган (23 январ куни — 41 та ракета эди), шундан Х-101/Х-555/Х-55 русумли 26 та қанотли ракета ҳамда учта «Калибр», шунингдек 20 та камикадзе дронлардан 15 таси уриб туширилган.

Россия мудофаа вазирлиги олдинги ҳолатларда бўлгани каби бу сафарги пресс-релизида ҳам «зарбадан мақсадга эришилгани» ва «барча объектлар аниқ нишонга олингани» ҳақида маълум қилди.

Миколайивда зарба оқибатлари

Украина ҳудудларидаги оқибатлар

«Укрэнерго» эрталабки ҳужум мамлакат энергия тизими фаолияти учун критик оқибатлар етказа олмаганига ишонтирган. Аммо Киевда ракета парчалари иккита юқори волтли линияга шикаст етказган, шунинг учун Днипронинг сўл соҳилидаги истеъмолчиларнинг бир қисми токсиз қолишган, деб хабар берган Кличко.

Қанотли ракеталар ҳаракати бир вақтнинг ўзида Украинанинг бир қанча регионларида қайд этилган. Харкив области маъмурияти эса яна бир бор баллистик ракеталар билан зарба берилганини эълон қилган.

Харкив шаҳрининг Слободский районида зарба келиб тушган жойда инфратузилмага шикаст етган, деб хабар беради област ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов.

Миколайив мэри Олександр Сенкевич жароҳатланганлардан бири жонлантириш бўлимида жон бергани ҳақида хабар қилган. Сенкевичнинг хабарига кўра, шаҳарда турар жойлар шикастланган, «20 га яқин уй томсиз қолган», газ ва сув қувурлари тармоқлари шикастланган.

Маҳаллий расмийларга кўра, Лвив области Дрогобиче шаҳрида ҳам портлашлар рўй берган. Днипропетровск областида Новомосковский зарбага учраган, камикадзе дрон парчалари коммунал корхонага зарар етказган, деб хабар беради област ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисак. Тунда Суми области ҳудудига учта авиабомба тушган, деб хабар берган прокуратура.

Лвив областида ракета Полша йўналишида учган ва чегарага етишга 20 км қолганида 180 даражага бурилган, бу вақтда уни тўсиш учун полшаликларнинг учта F-16 қирувчи самолётлари ҳавога кўтарилганди, деб ёзган «РБК-Украина».

Мавзуга оид