Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Одамларни кўпдан бери қийнаётган масала — эски автомашиналарни расмийлаштиришдаги божлар қайта кўриб чиқиладими?
Автобозордан сотиб олинган ҳайдалган автомашиналарни расмийлаштиришнинг ўта қимматлиги турли қинғир йўллар пайдо бўлишига олиб келмоқда. Бу ҳолат сотувчига ҳам, харидорга ҳам, назорат қилувчи давлат идораларига ҳам ўзига яраша муаммолар туғдирмоқда.
Атрофга назар солинг. Кўчалар машиналарга тўла. Cтатистикага кўра ҳозир ҳар икки оиладан бирида автомобиль бор. Бу ижобий кўрсаткич, албатта.
Шу кунларда янги авто учун тўлов қилиб, автосалонда ўз навбатини кутаётганлар сони 30 мингдан ортиқни ташкил этар экан. Вазият шу даражага бориб етганки, автосалонлардаги навбатлар ҳам сотилмоқда.
Афсуски, бор-е, деб қўл силтаб, хориждан янги автомобиль олиб кирмоқчи бўлсангиз, қарийб шу авто нархига тенг миқдорда бож тўлаш талаб этилади. Бу ишлар миллий автосаноатни рақобатдан «ҳимоялаш» учун қилингани исбот талаб қилмас аксиомадек гап.
Миллий автосаноат эса эҳтиёжларни қондира олмаяпти. Авто нархлари қиммат экани, эҳтиёжни қондириш ва рақобатни таъминлаш учун хорижий автоларга ўрнатилган божни бекор қилиш масаласи бот-бот кўтарилмоқда.
Аммо бундан ҳам аввалроқ ечилиши лозим бўлган муҳимроқ вазифа бор — иккиламчи бозордан харид қилинган автомобилларни қайта расмийлаштиришга жорий этилган ҳаддан зиёд давлат божларини пасайтириш керак. Бугун яна шу ҳақида гаплашамиз.
Сўзимиз аввалида ҳайдовчилардан бири бошидан кечирган воқеа билан танишинг.
Постда йўл-патрул хизмати ходими унинг машинасини тўхтатиб, ҳужжатларни сўрайди. Ҳужжатлар билан таниша туриб, аввалига ишончнома сўраган ходим, кейин бироз таажжубланиб, «узр, машина ўз номингизда экан-а?» дейди. Бу таажжуб сабабини сўралганида «аксарият ҳайдовчилар бош ишончнома (халқ тилида «гендоверенность») билан юришини айтган.
Хўш, бош ишончнома («гендоверенность») нима ўзи?
Бу — автомобилни бошқариш ва тасарруф қилиш ҳуқуқини берувчи, нотариал тасдиқланган ишонч қоғози бўлиб, у билан машинани бошқариш, машина эгасининг номидан иш кўриш, эҳтиёж туғилганда шу қоғоз билан автомобилни бошқа шахсга сотиб юбориш ёхуд бошқа шахсга бошқа ишончнома беришини таъминловчи ҳуқуқ.

Моҳиятан, мулк эгаси Ўзбекистонда бўлмаганда ёки ўзи иштирок этишни ҳоҳламаганда уни сотиш ёки тасарруф этиш учун бошқа шахсга бош ишончнома берилиши керак. Хусусан, уй ва квартиралар олди-сотдиси масаласида бу қоғоз шундай ишлайди.
Лекин автомобилни ўз номига олди-сотди шартномаси орқали расмийлаштириб олиш қимматга тушиши сабаб одамлар автомобилларни бош ишончнома орқали «харид» қилишга мажбур бўлмоқда.
Иккиламчи автобозордан автомобиль харид қилингач, уни харидорнинг номига расмийлаштириш автосалондан харид қилинган янги автомобилни расмийлаштиришдан каррасига қимматроққа тушади. Бу борада сизни энг аввало нотариал идорадаги ортиқча харажатлар кутиб турибди.
Нотариал идорадаги расмийлаштириш харажатлари
Нотариал идорада олди-сотди шартномаси имзоланиши учун қанча харажат қилинишини биласизми? Қуйидаги жадвалда давлат божи қандай ҳисобланиши келтирилган.

1. Давлат божи қиймати сотиб олинган автомашинанинг ишлаб чиқарилган санаси ва двигатели қувватига боғлиқ. У БҲМнинг 2 баробари (540 000 сўм)дан 10 баробари(2 700 000 сўм)гача бўлиши мумкин.
2. Сўнгра БҲМнинг 10 фоизи — 27 000 сўм миқдорда герб йиғими олинади.
3. Ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилгани учун БҲМнинг 40 фоизи миқдорида — жами 108 000 сўм тўлов қилинади.
4. Тақиқ бор-йўқлиги текширилгани учун яна 40 500 сўм.
5. Вазиятга қараб бошқа қўшимча ҳаракатлар амалга оширилгани учун кичик тўловлар ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Яъни автомашина олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш машинанинг эски-янгилиги ва двигатели қуввати (от кучи)га қараб, 715 500 сўмдан 2 875 500 сўмгача тушади.
Худди шу каби турар жой олди-сотди шартномасини расмийлаштириш қанчага тушади? Бунда ҳам дастлаб давлат божи ундирилади.

Қолган нотариал ҳаракатлар тўлови худди автомашина расмийлаштириш каби.
Уй олди-сотдисини расмийлаштириш уйнинг қаерда жойлашгани ва майдонига қараб, сизга 310 500 сўмдан 985 500 сўмгача тушиши мумкин.
Энди тасарруф этиш ва сотиш ҳуқуқи билан бериладиган бош ишончномани кўриб чиқамиз.
Автомашиналарни расмийлаштиришда яқин қариндошлар учун белгиланган давлат божи БҲМнинг 50 фоизи — 135 000 сўм. Қолган нотариал ҳаракатлар учун тўлов билан қўшиб, жами — 310 500 сўм.
Бошқа жисмоний шахсларга эса БҲМнинг 3 баробари — 810 000 сўм. Қолган нотариал тўловлар билан жами харажат — 985 500 сўм.
Кўчмас мулкни расмийлаштиришда яқин қариндошлари учун БҲМнинг 25 фоизи — 67 500 сўм. Қолган нотариал тўловлар билан бирга жами харажат — 243 000 сўм.
Бошқа жисмоний шахсларга эса БҲМнинг 50 фоизи — 135 000 сўм. Бунга қолган нотариал тўловлар билан бирга жами харажат — 310 500 сўм.
Кўряпсизми, автомашинадан қимматроқ бўлган квартира ёки уй олди-сотди шартномасини ёки тасарруф этиш ҳуқуқи билан бериладиган ишончномани расмийлаштириш анча арзонроққа тушмоқда.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Агар автомобиль олди-сотди шартномаси орқали сотилса, нотариусдаги тўловлардан ташқари сизни ҳали йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими — халқ тилида «ГАИ»да ҳам нотариусда сарфланганидан кам бўлмаган харажатлар кутиб турибди (Дарвоқе, автомобил агар бош ишончнома орқали «харид» қилинса, бунинг учун «ГАИ»да тўловлар йўқ. Боз устига, ишончномани ДЙҲХХда рўйхатдан ўтказиш ҳам бекор қилинган).
Автомобилни ДЙҲХХда қайдга қўйиш харажатлари қанчага тушади?
ДЙҲХХда автосалондан олинган янги автомашина учун автомобилни қайд этиш гувоҳномаси (техпаспорт) учун БҲМнинг 70 фоизи— 189 000 сўм, давлат рақам белгиси учун БҲМнинг 150 фоизи — 405 000 сўм тўланади; бунга яна БҲМнинг 10 фоизи — 27 000 сўм рўйхатдан ўтказиш учун тўлов бор. Жами тўлов — 621 000 сўм (Агар авторақам онлайн аукцион орқали харид қилинган бўлса, қўшимча тўлов ундирилмайди).

Ишончномалар ва бош ишончномаларни ДЙҲХХ органларида қайд этганлик учун тўлов йўқ. Ишончномалар нотариал идора базаси орқали ДЙҲХХ базасига келиб тушади.
Энди олди-сотди шартномаси билан бозордан харид қилинган автомобилни ўз номига расмийлаштириш харажатлари билан танишинг.

Бу бождан ташқари, юқоридаги каби автотранспорт воситасини расмийлаштириш учун 621 000 сўм тўлов ҳам қилинади (Фарқи — эски автомашиналар техник кўрикдан ҳам ўтказилади, харид қилинган автомобилнинг давлат рақам белгиси сақлаб қолинадиган бўлса, тўловнинг 50 фоизи амалга оширилади).
Юридик ташкилотлар ўртасидаги автомашиналар ҳам худди шу сингари расмийлаштирилади, фақат пул сотаётган ёки харид қилаётган ташкилотнинг ҳисоб рақамидан пул кўчириш йўли билан амалга оширилади.
Бироз ҳисоб-китоб
Самарқанд шаҳридаги нотариал идоралардан бирида бўлганимизда, мижозлардан бири 2020 йилда ишлаб чиқарилган «Malibu» автомашинасини расмийлаштириш нотариусда 2 млн 790 минг сўмга, ДЙҲХХда 5 млн 800 минг — жами 8 млн 590 минг сўмга тушаётганини куйиниб гапирди.
Бош ишончнома расмийлаштираётган бошқа бир мижоз умумий харажат ҳечқурса 2 млн сўм атрофида бўлганида, барча харидорлар автомобилни ўз номига расмийлаштириб олишини таъкидлади.
Иккита мисол келтирамиз.
1980 йилда ишлаб чиқарилган, 75 от кучига эга эски «Москвич-412» автомашинасининг нархи бозорда 4,5–5 млн сўм атрофида. Уни олди-сотди шартномаси билан расмийлаштириш харажатлари нотариал идорада 985,5 минг сўмга, ДЙҲХХ органларида давлат рўйхатига олиш 621 минг сўмга, давлат божи эса 1 млн 215 минг сўмга — жами 2 млн 821,5 минг сўмга тушмоқда.

2013 йилда ишлаб чиқарилган, 106 от кучига эга, бозор баҳоси 55 млн сўм атрофидаги «Nexia-2 DOHC» автомобилини расмийлаштириш нотариал идорада 985,5 минг сўмга, ДЙҲХХ органларида давлат рўйхатига олиш 621 минг сўмга, давлат божи эса 1 млн 749 минг сўмга — жами 3 млн 355,5 минг сўмга тушмоқда.

Масалан, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган митти «Labo» юк машинаси ҳисобланади. Энди уни расмийлаштиришда қанча давлат божи тўланишини бир ҳисоблаб кўринг-а!
Хўш, иккиламчи автобозорда бундай чалкаш вазият яратилишининг боиси нима?
Автомашина олди-сотдисига ўрнатилган бундай қиммат божлар учун нега арзирли бир изоҳнинг ўзи йўқ? Ёки маҳаллий бюджетларни маблағ билан тўлдиришнинг бир усулими бу? Шундай деган тақдиримизда ҳам, аксарият харидорлар расмийлаштиришни четлаб ўтмоқда-ку? Бюджетга кўзланган тушум тушмаяпти.
Ундан кўра, божни пасайтириб, автомобилларни ёппа ўз номига расмийлаштириш йўлга қўйилса бўлмайдими?
Одамларда автосини бош ишончнома воситасида «сотиш» ёки «харид қилиш»дан бошқа илож қолмаяпти. Қонунан, бу ҳолатда машинанинг мулкдори ўзгармайди. Аммо ўша мулкдор учун ҳам, харидор учун ҳам жуда катта рисклар, давлат органлари учун эса бир қатор ноқулайликлар вужудга келмоқда.

Мақоланинг биринчи қисмига шу ерда нуқта қўямиз. Унинг иккинчи қисмида бош ишончнома одамларга етказаётган хавф, зарар ва ноқулайликлар ҳақида фикрлашамиз.
Шуҳрат Шокиржонов, журналист.
Мавзуга оид
16:53 / 07.01.2022
«Бизга ҳеч қандай ҳужжат келмаган» – ЙҲХБда автомобил сотиб олганлик учун йиғим талаб этилиши давом этмоқда
19:36 / 15.11.2021
1 январдан автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинади
13:02 / 26.10.2021
Иккиламчи бозордан сотиб олинган автомобилни расмийлаштириш учун ундириладиган йиғимлар бекор қилиниши мумкин
12:13 / 01.10.2021