Мақоланинг биринчи қисмида автомобил олди-сотдисини расмийлаштириш ниҳоятда қимматга тушиши ҳақида батафсил тўхталинганди. Хўш, нисбатан арзонроқ бош ишончнома қандай риск ва хатарларни вужудга келтиради? Машинанинг аввалги ва янги эгалари учун қандай ноқулайликлар туғдиради? Энди шулар ҳақида.

«Гендоверенность»нинг машина мулкдорига етказадиган ноқулайликлари

Энг аввало, шуни англамоқ керакки, автомашина техпаспортида исм-фамилияси ёзилган фуқаро қонунга кўра ҳам, барча базаларда ҳам машина мулкдори сифатида қолаверади. Нотариусда бош ишончнома расмийлаштирилса ҳам уни мулк ҳуқуқи тарк этмайди. Ёки бош ишончнома орқали машина «харид» қилган инсон ҳали унинг мулкдори саналмайди. Шунчаки, у автомобилни ҳайдаши ва бошқага сотиши мумкин.

Бизда машинани олди-сотди шартномаси билан расмийлаштириш харажатлари одат тариқасида харидор томонидан амалга оширилади. Биз ҳикоя қилаётганимиз — бош ишончнома орқали яширин харид қилиш ташаббуси ҳам улардан чиқади. Катта пулга хотиржамликдан кўра, таваккал қилиб кичикроқ пулга бошоғриқ сотиб олишга мажбур бўляпти одамлар.

Машинани ҳайдаб юрган «харидор»нинг йўл ҳаракати қоидаларини бузгани радар ва камералар ёрдамида аниқланса, баённома ва жарима тўлови тўлаш ҳақидаги хабарнома автоматик равишда автомобил мулкдорининг манзилига жўнатилади. Бу Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 17(1)-моддасида белгилаб қўйилган.

Автомашинани бош ишончнома билан ҳайдаб юрган кишиларнинг қоидабузарлиги йўлларда радар ва камераларга тушса, уларга хабарнома ҳам бормайди, ДЙҲХХ уларни ахтариб топиб, жаримани ундириб ҳам ўтирмайди ва жаримани ундириш Мажбурий ижро бюросига ўтади.

МИБ учун қийинчиликлар

Жарималарни тўлаш пайсалга солинса, МИБ томонидан турли тақиқлар ва қўшимча жарималар солинишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Биз суҳбатлашган МИБ инспекторининг тушунтиришича, ундирув МИБга келиб тушгач, ижро иши қўзғатилади («дело» очилади). Ҳайдовчига жаримани тўлаш учун 15 кун вақт берилади. Кейин жаримани ундириш учун унинг суммасининг 2 фоизи миқдорида арзимаган ижро йиғими ва жарима қўлланади.