Ўзбекистон | 22:09 / 06.02.2023
22051
2 дақиқада ўқилади

Барча аҳоли пунктларида ҳаракат тезлиги 60 км/соатга туширилади

2023 йил 1 июндан бошлаб, нафақат шаҳарлар ва улардаги марказий кўчалар, балки умуман аҳоли яшайдиган ҳар қандай жойда транспорт воситаларининг ҳаракатланиш тезлиги 70 км/соатдан 60 км/соатга туширилиши кутилмоқда. Бу – давлат дастури лойиҳасига киритилган.

Фото: V1.ru

Ўзбекистонда 2023 йилги давлат дастури лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Лойиҳада йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини “шаҳар автомобиллар эмас, балки пиёдалар учун” ғояси асосида ислоҳ қилиш белгиланган.

2023 йил 1 июндан бошлаб республиканинг барча аҳоли пунктларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлигини соатига 70 километрдан 60 километргача тушириш таклиф этилмоқда.

Изоҳланишича, тезликни 10 километр соатга тушириш ўлим ҳолатларини камида 15 фоизга камайтиришга олиб келади. Биргина Тошкент шаҳрида 2022 йилда 1200 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган, бу 2021 йилдаги ҳолатлардан (1073) қарийб 130 тага кўп. Ушбу даврда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 136 нафарни ташкил этади.

Шунингдек, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб, транспорт воситасининг мулкдорига транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахс билан биргаликда тегишли ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатни тақдим этган ҳолда ДЙҲХХ органларини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини ўтказгани ҳақида хабардор қилиш ҳуқуқи берилади.

Бунда, хабарнома олинган кундан бошлаб ваколатли орган томонидан ҳуқуқбузарликларни қайд этиш тизимига тегишли ўзгартиришлар киритиш ва ушбу транспорт воситасида содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани расмийлаштириш тартиби жорий этилади.

Бу механизмлар транспорт воситаси бошқаруви билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этишда балл тизими жорий этилиши муносабати билан киритилмоқда.

Мавзуга оид