USB-токен – ҳимояланган қурилмадаги имзо тадбиркорлар учун навбатдаги бошоғриқ
Махсус ҳимояланган қурилмаларда сақланган ЭРИ қаердан олинади? Ким томонидан берилади? Айни кунларда бу саволлар ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорларни қийнамоқда. Kun.uz ушбу масала юзасидан ўрганиш олиб борди.
Давлат божхона қўмитаси экспорт-импорт амалиётлари билан шуғулланувчи тадбиркорларга мурожаат қилиб, 2022 йил 1 январдан эътиборан “Товарларни электрон декларациялаш” ва “ТИФ қатнашчисининг шахсий кабинети” интерактив хизматларидан фақат махсус ҳимояланган қурилмага сақланган ЭРИ орқали фойдалана олишларини маълум қилди.
Таъкидланишича, ҳукуматнинг тегишли қарорига мувофиқ, экспортёр ва импортёрлар декларация ва унга тегишли ҳужжатларни электрон нусхаларини ўша махсус ҳимояланган қурилмаларда сақланган электрон рақамли имзо (ЭРИ) билан имзоланган ҳолда тақдим этилиши лозим.
Махсус ҳимояланган қурилмаларда сақланган ЭРИни Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Янги технологиялар илмий-ахборот маркази — электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказидан олиш мумкинлиги айтилади.
Ушбу эълон ташқи савдо соҳасидаги тадбиркорлар ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқда кимдир марказ қаердалиги, ЭРИни олиш учун нима қилиш кераклигини сўраган бўлса, бошқа тадбиркор калитни ким бериши номаълумлиги, шу боис қўнғироқ қилиб овора бўлишнинг ҳожати йўқлиги ҳақида ёзади. “Одатдагидек, аввал қарор чиқади, сўнгра биз ижроси учун югурамиз”, дейди фойдаланувчилардан бири.
“Эълон бўйича телефон рақамига қўнғироқ қилдим. Давлат солиқ қўмитаси колл марказига тушдим. Оператор жавобига кўра, махсус ҳимояланган қурилмага сақланган ЭРИни Давлат хизматлари марказлари берар экан. ДХМ билан ҳам гаплашдим, улар “махсус ҳимояланган қурилмага сақланган ЭРИ” ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас экан.
Хуллас, юқоридаги эълон бўйича махсус ҳимояланган қурилмага сақланган ЭРИни кимдан олишни билмадим”, – дея ёзади бошқа бир фойдаланувчи.
Изоҳлардан яна бирида махсус ҳимояланган қурилмаган сақланган ЭРИ ҳақида бироз тасаввур беради.
“Янги ‘ключ’ олинаркан. Янги ‘ключ’ сим-карталик экан. Тошкентда “Абу-Сахий”да 290 минг сўмдан сотяпти экан. Фақат нақдга. Тел рақами: 97745хххх, 97400хххх. Ключни олгандан сўнг Юнусободда программа ўрнатиш керак экан. Программалаш учун: (71) 202-32-32 Внутренние номера отделов: 1. Отдел технической поддержки – 509, 543, 547”.
“Ассалому алайкум. Кимнингдир флешкаси ўтмай қолдими дейман, официалний бўлса, нимага фақат нақдга сотади”, – дея фикр билдиради яна бир фойдаланувчи.
Бошқа бир тадбиркор: “Шу бозор билан ҳамма ишиз битса қанийди, калитни кўтариб яна бошқа жойга югурасиз, давомига...” – деган фикрларни изҳор қилган.
Биз дастлаб “махсус ҳимояланган қурилма” нима эканини англаш учун “Абу Сахий” бозорига бордик ва тадбиркорлар томонидан кўрсатилган телефон рақамига қўнғироқ қилиб, USB-токенни 165 минг сўмга харид қилдик. Сотувчи қурилмага дастурни тадбиркорнинг ўзи ўрнатиб олишини, улар бундай хизмат кўрсатмасликларини айтди.
Биз тадбиркорлар орасидаги тушунмовчилик юзасидан Давлат солиқ қўмитаси, Давлат хизматлари агентлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг “Янги технологиялар” илмий-ахборот марказига мурожаат қилдик. Даставвал, ушбу қурилма ҳақида аниқ бир изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Тадбиркорлар бу жиҳозни кимдан, қаердан, қай шаклда олади, деган саволларимиз очиқ қолди.
Ниҳоят, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази тадбиркорларни қийнаётган саволларга изоҳ берди.
Унга кўра, USB-токен деб аталувчи махсус ҳимояланган қурилмаларга электрон рақамли имзо калитларини сақлаш учун ҳар бир қурилмага махсус дастурий маҳсулот (апплет) ёзиш талаб этилади. Ушбу апплет эса, айнан “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази томонидан шартнома асосида ёзиб берилади.
Ўрганишларимиз мобайнида маълум бўлишича, ҳақиқатдан ҳам USB-токенга апплет ёздириш билан иш битмайди. Бу қурилмани олган тадбиркор ёки божхона декларанти электрон рақамли имзони USB-токенга ёздириш учун энди Давлат хизматлари агентлигига мурожаат қилади.
“Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази раҳбари Шариф Қаюмовнинг айтишича, бугунги кунда “Cumulative Business Solutions” МЧЖ марказга мурожаат қилиб, 1 000 дона USB-токен қурилмаларига апплет ёзиш бўйича шартнома тузган. Апплет билан жиҳозланган USB-токен қурилмаларини фойдаланувчиларга сотиш ва сотиб олиш қийматини белгилаш мажбурияти “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази ваколатига кирмайди.
USB-токен қурилмаларини истаган тадбиркор сотиши мумкин
Маълум қилинишича, бу қурилмани Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш учун ҳеч қандай чеклов йўқ, истаган тадбиркор уни олиб кириши, шартнома асосида уларга апплет ёздиргач, уни ўзи истаган нархда реализация қилиши мумкин, бироқ олиб кирилаётган USB-токен қурилмалари “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази сайтида эълон қилинган талабларга жавоб бериши шарт.
Қурилмаларнинг ушбу талабларга жавоб бериши дастлаб марказ мутахассислари томонидан ўрганилади, шундан сўнг, апплет ёзиш ишлари амалга оширилади. Таъкидланишича, марказ қурилмаларни харидорларга сотиш билан шуғулланмайди, фақат тегишли талабларга жавоб берадиган қурилмаларга шартнома асосида апплет ёзиб беради холос. Апплет ёзилган қурилмаларни тадбиркорлар бозор баҳосида сотишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги 348-сон қарори билан электрон рақамли имзо сертификатини бериш ва уларни рўйхатга олиш Давлат хизматлари марказлари орқали берилади.
Таъкидлаш керак, Ўзбекистонда маълум бир соҳага доир меъёрий ҳужжат имзоланиб, у кучга кирса-да, қарор ижросини таъминлаш чоралари етарлича кўрилмагани боис, фуқаролар ва тадбиркорлар турли идораларга бориб сарсон бўлиши кўп кузатиладиган ҳолат.
Толиб Раҳматов,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
15:54 / 24.10.2024
Импорт автомобиллар Пискентдаги полигонда синовдан ўтказилади
18:23 / 08.10.2024
Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига экспорти кескин қисқарди. Нега?
11:06 / 29.09.2024
2024 йил 8 ойда Ўзбекистон ташқи савдосидаги етакчи давлатлар маълум қилинди
16:02 / 23.09.2024