Боқий Бухоро маданий-этнографик парки лойиҳаси ҳақида маълумот берилди
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Бухоро шаҳри марказидаги 32,6 гектар ҳудудда бино-иншоотлар бузилиб, ўрнида Боқий Бухоро маданий-этнографик парки қурилишини эълон қилди.
31 январ куни Боқий Бухоро маданий-этнографик парки барпо этилиши юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимлиги Wyndham Bukhara меҳмонхонаси мажлислар залидаги анжуман ҳақида тадбир бошланишидан 30 дақиқа олдин эълон берди.
Анжуманда вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги мутасаддилар иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил январ ойида жамоатчилик Бухоро шаҳри марказида туристик мажмуа қурилишидан хабар топган эди. Лойиҳага кўра, бунинг учун Иброҳим Мўминов, Ҳамза ва Хофиз Тониш кўчалари кесишмасида жойлашган 32,6 гектар ҳудуддаги бинолар, хусусан марказий стадион ҳам бузиб ташланиши кўзда тутилганди.
Ўз навбатида, Бухоронинг янги маъмурий маркази Гулчорбоғ ва Отбозор маҳаллалари ҳудудида танланган 1000 гектар ерда қурилиши, унга давлат ташкилотлари жойлаштирилиши керак эди. Жамоатчилик эътирозларидан кейин туристик марказ лойиҳаси тўхтатилганди.
Бугун, 31 январ куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинишича, лойиҳа дастлабки режалаштирилган ҳудудда – Бухоро шаҳар марказидаги 32,6 гектар ҳудудда қурилади. Бу ерда жойлашган давлат объектлари эса “Bukhara city” ҳудудига кўчирилиб, маъмурий марказ барпо этилади.
32,6 гектар ер участкасини сотишдан тушган маблағлар алоҳида ғазна ҳисобига йўналтирилиб, янги маъмурий марказ қурилишига сарфланади.
Бухоро халқаро аэропортининг йўловчи ташиш қуввати кўриб чиқилиб, янги аэропорт сифатида қад кўтаради. Бу давлат хусусий шерикчилик асосида амалга оширилади. Лойиҳанинг барча йўналишларига хорижий инвестор маблағлари сарфланади.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов туризм шаҳарчаси учун танланган ҳудуд туристлар учун “энг қулай” жой эканини айтди.
“Бу ер туристлар учун жуда яқин, пиёда боради. Узукка кўз қўйгандек. Буни 3 ой ўйладик. 10 км наридан қуришимиз мумкин, аммо турист мен бу жойга бормайман дейди. Бу ерда меҳмонхоналар бор, пиёда арк, сомонийлар мақбараси, кўл, Минораи Калонни айланиб келиб, Абдуллахон мадрасаларидан ўтиб, эски шаҳар “Колхоз” бозорни кўради”, – деди у.
Бухоро туристик марказида нималар бўлади?
Анжуманда вилоят бош архитектори Зуҳриддин Муҳиддинов сўзга чиқиб, шаҳар марказида қуриладиган Боқий Бухоро тарихий-этнографик парки лойиҳаси ҳақида гапирди.
“Туризм маркази Бухоро шаҳрининг Жалол Икромий, Ҳамза, Иброҳим Мўминов кесишмасидаги 32,6 гектар ер майдонини қамраб олади. Ушбу мажмуада жойлашган асосий бинолар – 4та 5 юлдузли, жаҳон стандартлари асосида қуриладиган меҳмонхоналар. 800 номерни ташкил қилади. Мажмуанинг асосий қисмида кўп функцияли Бухоро миллий маданий маркази жойлашади. Асосий анжуманлар бўлиб ўтадиган ёпиқ бино, ипак ва зираворлар каби фестивалларни ўтказадиган майдонлардан иборат.
Марказнинг юрагида Боқий Бухоро мажмуаси жойлашади – унда асосан ҳунармандлар устахоналари бўлади. Унинг энг марказий қисмида Лаби ҳовуз мажмуаси турибди, сув меҳмонларни ўзига жалб қиляпти. Марказда мусиқали фаввора ва унинг атрофида кафе ва ресторанлар жойлашади. Мажмуамизнинг умумий майдонидан 70 фоизини кўкаламзортириш майдонлари ташкил қилади. 1,5 гектарлик боғ ҳам ташкил қилиняпти”, – деди у.
Маълум қилинишича, мажмуада шарқий ва жанубий томондан кириш дарвозаси бўлади, эски шаҳар ташқи қисмида ҳам дарвоза ўрнатилади.
Анжуманда туризм этнографик марказ ҳудудида 2-сонли мактаб биноси тиббиёт институти корпусига жойлаштирилгани айтилди.
Стадион бошқа жойга кўчирилади
Ўтган йилги эътироз билдирувчилар қаторида Бухоро марказий стадионини сақлаб қолишни сўраб президентга мурожаат йўллаган бухороликлар ҳам бор эди. Маълум бўлишича, 31 январ куни бўлиб ўтган анжуманга стадионда фаолият юритувчи тренерлар киритилмаган. Бу ҳақда анжуман вақтида “Потрибетел Бухара” нашри журналисти Учқун Турсунов маълум қилиб, қўриқчилардан норози эканини айтди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов 20 минг кишилик янги марказий стадион Бухородаги 6-микрорайон ҳудудида қурилишини айтиб, 5-6 гектар ер автотураргоҳлар учун ажратилишини маълум қилди.
“Қолган қисмига стадион билан боғлиқ бўлган кичик футбол майдонлари жойлаштирилади, тўрт томондан стадионга кириш мумкин бўлади.
Халқлар дўстлиги кўчасида минтақавий футбол академияси қуриляпти. Жами 70 млрд сўм маблағ ажратилди. 5 минг томошабинга мўлжалланган трибуна, 200 ўқувчига мўлжалланган ётоқхона инобатга олинган”, – деди у.
Бош архитектор Зуҳриддин Муҳиддинов ҳам янги стадион борасида қўшимча маълумот берди.
“Бу стадион халқаро андозаларга мос 25 минг томошабин сиғимига эга бўлади. Атрофида автотураргоҳлар ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилади. 28-болалар ва ўсмирлар футбол мактаби негизида Бухоро футбол академияси қурилади. Бу шу йилнинг ўзида бўлади. Бухоро спорт мажмуаси эскирган, юқори балкон қисми авария ҳолатида. Деворида ёриқлар пайдо бўлган. Катта ҳажмдаги томошабинларни жойлаштириш хавф туғдиради.
Янги стадион лойиҳасида эса конференция заллари, спорт соғломлаштириш комплекслари бўлади, ижтимоий имконияти чекланганлар учун имконият яратилади”, – деди у.
Нега туризм маркази Самарқанддаги каби шаҳар ташқарисида қурилмаяпти?
Журналистларнинг туристик мажмуани шаҳардан ташқарида қуришга оид саволига жавоб бераркан, Ботир Зарипов Самарқанддаги туристик марказ узоқлиги учун туристларни жалб қилмаслигини айтди.
“Самарқандда барпо этилган мажмуа Самарқанд марказидан бир неча км узоқликда жойлашган, у ерда бир қанча халқаро конференция, форумлар ўтказилди. Лекин туристлар оқими нуқтайи назаридан туристик мажмуа эҳтиёжини қоплай олмаяпти. Етарли даражада қоплаш учун туризм инфратузилмаси, транспорт логистикаси, туристик потокнинг ўсиши, қулай логистика шароитлари ҳам таъсир қилади. Бу лойиҳа самарали фаолиятини етказиб олиши учун вақт керак бўлади.
Бухорода туризм маркази деб Бухоро тарихий марказини ҳисоблаймиз. Самарқандда бундай марказ йўқ, бир объектдан иккинчисига бориш учун транспорт керак. Бухорода 500 гектардан ошиқ ҳудуд туризм маркази ҳисобланади. Уйғун равишда бу лойиҳа билан тарихий марказ кенгайиши керак. Бухоронинг этнотуризм лойиҳаси тарихий марказ ёнида барпо этилиши керак, ҳам қулайлик ва ҳам туристлар учун максимал қулайлик яратиш учун”, – деди вилоят ҳокими.
Мадина Очилова тайёрлади.
Мавзуга оид
15:56 / 23.11.2024
Россия компанияси Ўзбекистон фуқароларини қурилиш соҳасида ишга олмоқчи
13:24 / 21.11.2024
COP29 иштирокчилари иқлимга мос туризмни ривожлантиришга келишиб олди
10:40 / 19.11.2024
Андижонда Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнига савдо мажмуаси, кўнгилочар марказлар қуриш режалаштирилмоқда
23:32 / 13.11.2024