Жаҳон | 22:03 / 11.11.2025
5875
2 дақиқада ўқилади

Истанбул прокуратураси собиқ мэр Акром Имомўғлига 2352 йил қамоқ жазоси сўради

У жиноий уюшма тузиш, порахўрлик ва фирибгарлик каби 142 та жиноятда айбланмоқда.

Фото: Zuma / TASS

Истанбул бош прокуратураси шу йилнинг март ойида қўлга олинган шаҳарнинг собиқ мэри Акром Имомўғлига нисбатан айблов хулосасини эълон қилди. Коррупцияда айбланиб, унга 2352 йилгача қамоқ жазоси сўралмоқда. Бу ҳақда Туркиянинг NTV ва TRT Haber нашрлари хабар берди.

ОАВ маълумотларига кўра, Истанбулнинг собиқ мэри ишида 402 киши иштирок этмоқда, улардан 105 нафари ҳибсга олинган. Прокуратура хулосасининг ўзи 3900 саҳифадан иборат бўлиб, унда жиноий уюшма тузиш, порахўрлик ва фирибгарлик айбловлари мавжуд. Имомўғли «ташкилот асосчиси ва раҳбари» деб аталган, у 142 та жиноятда айбланмоқда.

Прокуратура зарарни 160 миллиард турк лираси (тахминан 3,7 миллиард доллар) ва 24 миллион долларга баҳоламоқда. Имомўғлига 828 йил-у икки ойдан 2352 йилгача қамоқ жазоси сўралди.

Акром Имомўғли 2025 йил 19 март куни қўлга олинди. У конституциявий тузумга тажовуз қилишда, жиноий ташкилот тузишда ва Курдистон ишчилар партиясига (КИП) ёрдам беришда айбланган эди.

Имомўғли 2027 йилги сайловда мамлакатнинг амалдаги президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг асосий рақиби ҳисобланган. Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам унинг ишини «сиёсий асосланган терговлар» намунаси деб атади.

Ҳибсга олинишидан бироз олдин Истанбул университети Бош прокуратура сўровига кўра Имомўғлининг олий маълумот тўғрисидаги дипломини бекор қилди ва шу билан уни амалда президентликка номзодини қўйиш имкониятидан маҳрум қилди: қонунга кўра, президентлик сайловида фақат олий маълумотли одамлар иштирок этиши мумкин. Ушбу иш бўйича сентябрь ойида бўлиб ўтган тингловлардан бирида Истанбулнинг собиқ мэри ўзининг айблов хулосаси устида прокурор эмас, балки «навбатдаги сайловда ғалаба қозонишини билган одам» ишлаганини айтиб, Эрдўғанга ишора қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид