Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Истанбулнинг собиқ мэри Акром Имомўғлига 2430 йиллик қамоқ жазоси таҳдид солмоқда
Унинг устидан навбатдаги суд маҳкамаси бошланди. Айбловлар рўйхати жиноий уюшма ташкил этиш, порахўрлик ва ўзлаштириш каби 142 та моддадан иборат бўлиб, 3,9 минг саҳифани ташкил этади.
Фото: Reuters
Туркиянинг Истанбул шаҳри собиқ мэри Акром Имомўғли устидан янги суд жараёни бошланди. Айбловлар рўйхати жиноий уюшма ташкил этиш, порахўрлик ва ўзлаштириш каби 142 та моддадан иборат бўлиб, 3,9 минг саҳифани ташкил этади. Hurriyet Daily News хабарига кўра, агар айблов томони собиқ мэрнинг барча бандлар бўйича айбини исботлай олса, у 2430 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Биринчи мажлис Акром Имомўғлига баёнот беришга рухсат этмаган судья томонидан тўхтатилди. Собиқ мэрнинг «ўзини ўзи ҳимоя қиладиган одамларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш» чақириғидан сўнг судья мажлислар залидан чиқиб кетди, барча иштирокчилардан ташқарига чиқиш сўралди. Мажлис тушга яқин яна давом эттирилди.
Залда Акром Имомўғлининг қариндошлари ва мухолифатдаги Республика халқ партияси (РХП) раҳбари Ўзғур Ўзел ҳам бор эди. Жараён қатъий хавфсизлик чоралари остида ўтмоқда. Суд биносидан 1 км радиусда ҳар қандай норозилик намойишлари тақиқланган. Суд биноси яқинига ўрнатилган панжаралар ортида собиқ мэрнинг кўплаб тарафдорлари тўпланди.
Туркиянинг Европа тараққиёт йўли тарафдори бўлган РХП етакчиларидан бири Акром Имомўғли 2025 йил март ойида коррупцияда айбланиб қўлга олинган эди. Унинг ўзи барча айбловларни рад этиб, уларни сиёсий сабаблар билан боғлиқ деб атайди.
Имомўғли президентлик сайловида Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг асосий рақиби ҳисобланган эди, унинг ҳибсга олиниши Туркия шаҳарлари кўчаларида кўп миллионли норозилик намойишларига сабаб бўлди.
2025 йил июль ойида Акром Имомўғли прокурорни ҳақоратлаш ва таҳдид қилиш иши бўйича бир йил-у саккиз ойга озодликдан маҳрум этилди. Ҳозир кўриб чиқилаётган коррупция иши бўйича у билан бирга 400 га яқин одам, жумладан Истанбул, Анталия, Бурса ва бошқа шаҳарлар мэриялари ходимлари, шунингдек, тадбиркорлар ва журналистлар судланмоқда.