Ўзбекистон | 17:50 / 25.12.2020
11812
4 дақиқада ўқилади

«Ёшлар: 1+1»: Янги дастур бўйича ишсиз ёшлар тадбиркорларга бириктирилади

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари форумига ташриф буюриб, мамлакатимизда биринчи бор ўтказилаётган ушбу анжуман билан барчани табриклади.

«Мен ҳар гал ёшларимиз билан учрашганимда сизларнинг ғайрат-шижоатингиздан куч-қувват оламан, кўнглим тоғдай кўтарилади. Ҳар бирингиз жонажон Ватанимиз ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш орзуси билан ёниб яшаётганингизни яхши биламан. Сизларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида қадрлайман. 

Биз юртимизда қандай ислоҳотларга қўл урмайлик, аввало, сиз каби ёшларга, сизларнинг куч-ғайратингиз, азму шижоатингизга суянамиз. Барчангиз яхши биласиз, бугун ўз олдимизга улкан марралар қўйганмиз. Она Ватанимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга киришдик. Биз оила, мактабгача таълим, мактаб ва олий таълимни ҳамда илмий-маданий даргоҳларни бўлғуси Ренессанснинг энг муҳим бўғинлари деб ҳисоблаймиз. Шу сабабли айни ушбу соҳаларда туб ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз. Ишонаманки, мамлакатимиз тараққиётининг янги пойдеворини яратишда сизлар сингари фидойи ва ватанпарвар ёшларимиз фаол иштирок этиб, муносиб ҳисса қўшадилар», – деди Шавкат Мирзиёев нутқининг аввалида.

Давлат раҳбари коронавирус пандемияси даврида ёшлар халқ дардига дармон бўлгани, «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатида кўнгилли сифатида қатнашиб, қийналган оилаларга амалий ёрдам берганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Маълумки, ёшлар билан ишлаш бўйича Тошкент шаҳри намунаси яратилиб, ўғил-қизларнинг муаммолари, таклиф ва истакларини бевосита ўрганиш йўлга қўйилди. Ушбу тажриба мамлакатимиз бўйлаб кенг қанот ёзиб, барча шаҳар ва туманларда Ёшлар фестиваллари ўтказилди.

«Кўпчилигингиз ушбу тадбирлар доирасида вазирлар, ҳокимлар ва бошқа мутасаддилар билан очиқ мулоқот қилдингиз. Мен ҳам мазкур жараёнларни телевидение орқали шахсан кузатиб бордим. Ёшларимизнинг долзарб масалаларни дадил кўтариб чиқиши, куюнчаклиги менга жуда маъқул бўлди. Дунёқараши кенг, жонкуяр, илғор фикрли фарзандларимиз кўплигини кўриб ниҳоятда қувондим», – деди давлат раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев энди Тошкент шаҳри тажрибаси бутун мамлакатимиз бўйлаб жорий этилишини айтиб ўтди. Бу борада Тошкент, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида аллақачон ишлар бошлаб юборилди. Ёшларга доир давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида уларнинг ижтимоий муаммоларини тизимли асосда ўрганиш, бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш вазифаси мутасадди ташкилотларга юкланган.

Бундан буён вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, вазирлар ва масъул раҳбарлар ёшлар билан учрашувларни мунтазам равишда йўлга қўяди. Ҳокимлар ёшларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиб, ижросини таъминлайди. Шу масала бўйича ҳар 6 ойда маҳаллий кенгашларга ҳисобот беради ва келгуси ярим йиллик учун режаларни белгилаб олади.

«Ёшлар: 1+1» дастури доирасида ишсиз ва уюшмаган ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ташкил этилади. «Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор» тамойили асосида 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшни бириктириш ташаббуси кўплаб тадбиркорларимиз томонидан фаол қўллаб-қувватланди. 2021 йилда камида 500 минг нафар ёшни иш билан таъминлаши мумкин бўлган бу ҳаракатни давлат раҳбари маъқуллади.

«Ҳунарли киши хор бўлмас», дейди халқимиз. Аммо кейинги пайтда фарзандларимизнинг моҳир ҳунармандлар қўлида касб-ҳунар ўрганишига етарли эътибор берилмаяпти. Ваҳоланки, устоз кўрган ўғил-қизларимиз домласига муносиб бўлишга интилади, уларнинг кўмаги билан ҳаётда ўз ўрнини топади. Шу боис, ҳудудларда «устоз-шогирд» анъанасини кучайтирсак, ўйлайманки, нур устига нур бўлади. Бу ишга жалб этиладиган ҳунарманд усталарни Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан моддий рағбатлантириш тизими жорий этилади», – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид