Жамият | 08:01 / 20.02.2020
101259
2 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун автомактабларда ўқиш мажбурийлигини бекор қилиш таклиф этилди

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун автомактабларда ўқиш мажбурийлигини бекор қилиш ҳақида таклиф берилди

Фото: ural-meridian.ru

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун автомактабларда ўқиш мажбурийлигини бекор қилиш ҳақида петиция эълон қилинди.

Мурожаатда автомобиль бошқаришга рухсат берувчи гувоҳнома олиш учун автомактабларда ўқиш мажбурийлигини бекор қилишни таклиф қилинди.

“Автомактабларда ўқитишдан мақсад нима? Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатишми, буни мустақил ўқиб-ўрганиш ҳам мумкин. Ёки автомобиль бошқаришни ўрганишми? Буни бирор қариндош ёки таниш ёнида юриб ҳам ўрганиш мумкин. Ҳозирда мактаблар ўқитиш хизмати учун 2-3 миллион сўрайди. Мақсад пул тўлашми, бу пулни ўз қариндошимизга берсак ҳам бўлади. Барибир ЙҲХБда имтиҳон топширмагунимизча “права” бермайди”, - деб ёзади петиция муаллифи.

Таъкидланишича, ИИБ ЙҲХБда имтиҳон топшириш учун тўловларни амалга оширган фуқаролардан аввал назарий, назарий имтиҳондан ўтганлардан амалий имтиҳон олиниб, имтиҳон топширганларга тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси топширилиши етарли бўлади.

“Мен автомактабларни қатъий беркитиш тарафдори эмасман, балки автомактабларда ўқишни ихтиёрий қилиб, автомактабларда ўқимаганлар ҳам, ўз малакаларига ишонишса, ЙҲХБ ҳузурида имтиҳон топширишларига рухсат берилишини таклиф қиламан.

Бу таклифимни тегишли ваколатли органлар тасдиқлашлари жамиятимиз равнақига ҳисса қўшади. Чунки жамиятни тараққий эттирувчи куч – бу автотранспорт соҳасидир. Чунки ишлаб чиқариш ва савдо тизими яхши бўлиши учун, аввало, транспорт тизими яхши ривожланган бўлиши талаб қилинади”, - дейилади мурожаатда.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун автомактабларда ўқиш мажбурийлигини бекор қилиш таклиф этилган.

Бундан олдин, ҳайдовчилардан амалий имтиҳонларни автоматлаштирилган автодромларда олиш тартиби жорий этилиши хабар берилганди.

Мавзуга оид