Ўзбекистон | 16:24 / 17.10.2025
10368
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрига кириш ва чиқишдаги постлар кўчирилади

Шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг сўзларига кўра, ҳар куни пойтахтга 400 мингдан ортиқ автомобил кириб келмоқда, бу эса жамоат транспорти тизимли йўлга қўйилмагани билан боғлиқ. Тирбандликни камайтириш учун пойтахт ташқарисида автовокзаллар, юк ва енгил автомобиллар учун тўхташ жойлари қурилади.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрига кириш ва чиқишдаги назорат пунктлари кўчирилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Ҳайдаров «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

Унинг қайд этишича, пойтахтнинг саноат ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш масалалари юзасидан 16 октябр куни президент бошчилигида ўтказилган йиғилишда Тошкент шаҳрига кириш ва чиқиш постларини кўчириш бўйича таклифлар маъқулланди.

Шаҳарга кириш ва чиқиш жойларидаги назорат-ўтказиш пунктларини кўчириш – тирбандликни камайтиришга хизмат қилиши керак.

Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов эса ҳар куни пойтахтга 400 мингдан ортиқ автомобил кириб келиши, 1 миллиондан ортиқ аҳоли кириб-чиқиши, кўп автомобил киришининг асосий сабаби жамоат транспорти тизимли йўлга қўйилмагани билан боғлиқ эканини таъкидлаган.

«Тошкент шаҳри билан вилояти ҳамда бошқа вилоят марказлари ўртасида йўналишли автобуслар мавжуд эмас. Шаҳарга кириш жойларида эса шарт-шароитлар – автовокзаллар яратилмаган.

Президентимиз маблағларни ҳам ҳал қилиб бердилар. Шаҳар ташқарисида, Тошкент яқинида автовокзаллар, кемпинглар, юк ва енгил автомобиллар учун тўхташ жойлари қурилади. Лойиҳалаш ишлари 2025 йил, қурилиш ишлари эса узоғи кейинги йил бошида бошлаймиз.

Агар биз жамоат транспортига BRT’​​га ўхшаб йўлларни очиб бериб, маршрутларни қўйиб берадиган бўлсак, Тошкентга келаётган одамлар бу жамоат транспортидан фойдаланади. Бу ўз ўрнида бугунги кунда 400 минг машина кириб келаётган бўлса – бу йилдан йилга ортиб боряпти – кескин камайишига олиб келади ва тирбандликни муаммоларни анча ечади», – деди Шавкат Умурзоқов.

Шу билан бирга, шаҳарда туристик кўчалар халқ томонидан ижобий қабул қилингани, бундай кўчаларни кўпайтириш учун яна қўшимча 1 триллион сўм маблағ ажратилгани, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 24 км ҳудудда гавжум кўчалар ташкил этилиши, бу орқали 20-30 минг атрофида ишчи ўрни пайдо бўлиши айтиб ўтилган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид