Жамият | 20:21 / 07.10.2021
22903
4 дақиқада ўқилади

Зангиотадаги шифохонага кунига ўртача 25 бола ётқизилмоқда

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасида қанча бемор бола даволанаётгани тўғрисида маълумот берди.

«Бугун Европанинг қатор мамлакатларида авж олаётган пандемиянинг янги тўлқини дунё аҳлини яна жиддий хавотирга сола бошлади. Жумладан, биргина Россия Федерациясида кунлик касалланиш кўрсаткичлари 25 минг нафарга етиб, ўлимлар сони антирекорд даража —  илк бор 900 нафардан ошди. Бу эса ташвишланарли ҳолат. 

Ана шундай вазиятда Ўзбекистонда эпидемиологик ҳолатнинг барқарорлашуви, албатта, ижобий натижа. Аммо бу хотиржамликка берилиш учун  асос бўлолмайди. 

Тошкент вилоятидаги Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси мутасаддилари ҳам айни шу фикрда», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Муассаса директори Анвар Ҳусановнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида коронавирусга чалинган беморлар фақат Зангиота 1-сон ва 2-сон юқумли касалликлар шифохоналарида қабул қилиняпти.  

«Марказимиз 2 минг ўринга мўлжалланган. Ҳозир бу ерда 1 минг 600 нафар бемор муолажа оляпти. Уларнинг 26 фоизи олтмиш ёшдан ошган фуқаролар бўлса, 160 нафарга яқини болалардан иборат.  

Жами беморларнинг 77 фоизи ўрта оғир, 20 фоизи оғир, 3 фоизи эса ўта оғир ҳолатда. Айни пайтда 153 нафар бемор жонлантириш бўлимида даволаняпти. Кунига ўрта ҳисобда 100-150 нафар беморни қабул қилиб, 7-10 кун давомида уларнинг саломатлигини тиклаш чораларини кўряпмиз», деган Анвар Ҳусанов.

Марказ шифокорлари касалланиш кўрсаткичларини бундан ҳам пасайтириш мумкинлиги, бунинг энг самарали ва оқилона йўли — ўз вақтида эмланиш эканини қайд этишган. 

«Қолаверса, кўча-кўйда, жамоат жойларида фуқароларнинг карантин қоидаларига етарли даражада эътибор қаратмаётгани ҳам эпидемиологик вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда. Статистик кўрсаткичлардан ҳам аёнки, оғир ва ўта оғир ҳолатдаги беморларнинг катта қисми кекса ёшдаги инсонлар. Уларда касаллик асоратлари оғир кечиши ва тузалиш муддати узайиб кетиши кузатилмоқда. Бундай беморлар билан суҳбатлашганимизда улар вакцина олишни пайсалга солиб келганидан афсусда эканликларини айтишди.

Иккинчи салбий ҳолат шуки, СOVID-19ни юқтириб олаётганлар орасида болалар сони ҳам ортиб бормоқда. Мисол учун, айни кунда Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасига кунига ўртача 25 нафар ўғил-қиз ётқизиляпти. Чунки юртимизда кенг тарқалган дельта штамми болаларни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ», дейилади ССВ хабарида. 

Анвар Ҳусанов Ўзбекистонда ўсмир ёшдаги болаларни ҳам эмлаш аҳамияти ҳақида гапирган.

«Европа давлатлари илғор тажрибаларидан келиб чиқиб Ўзбекистонда ҳам 12 ёшгача бўлган болаларни эмлашга киришилган. Шу кунгача 117 минг нафардан зиёд фарзандларимиз вакцина олиб улгурди. Уларнинг ҳеч бирида ножўя таъсирлар кузатилгани йўқ. Шундай экан, бу амалиётни янада оммаллаштириш барчамиз учун фойдали. Чунки болажонларимиз нафақат бемор, балки вирус ташувчи бўлиб қолишлари мумкинлигини ҳам ёддан чиқармаслигимиз зарур», деган у.

Мавзуга оид