Ўзбекистон | 00:00 / 08.05.2019
22525
3 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳокимияти 9 май куни «Ўлмас полк» акцияси ўтказилиши ҳақидаги хабарни рад этди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги 9 май куни «Ўлмас полк» акцияси доирасида «Биродарлик қабристони»дан Мустақиллик майдонига пиёда борилиши ҳақидаги хабарни рад қилди.

«Интернетда 9  май куни шаҳримизда «Ўлмас полк» акцияси ўтказилиши, унинг иштирокчилари «Биродарлик қабристони» мажмуасидан Мустақиллик майдонидаги мангу олов ёдгорлигига қадар юриб бориши ҳақида асоссиз маълумот тарқатилди», дейилади ҳокимлик матбуот хизмати хабарида.

Раддияда бу маълумот ҳақиқатга мос эмаслиги, ташкилотчилар оммавий тадбир ўтказишга рухсат олмагани, йўналиш тегишли идоралар билан келишилмагани айтилган. Шаҳар бўйлаб тротуардан оммавий тарзда юриш шаҳар аҳли ва меҳмонлари учун ноқулайликларни келтириб чиқариши қайд этилган.

Шу билан биргаликда, 9 май куни «Биродарлик қабристони» комплексида соат 10:00да Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтади. Истаган одам келиб, Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган қаҳрамонлар шарафига уюштириладиган тадбирда қатнашиши, шунингдек, Мустақиллик майдонидаги Мотамсаро она ва Мангу олов ёдгорлигига келиб, гуллар қўйиш мумкин.

«Шу куни соат 21:00да Халқлар дўстлиги саройида байрам муносабати билан мушак отилади. Бундан ташқари, Ҳумо муз саройида ҳарбий техника кўргазмаси бўлиб ўтади. Сизни ушбу тадбирларда иштирок этишга чақирамиз. Ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари маросимлар ташкиллаштирилиши ва кўнгилсизликларсиз ўтиши учун барча чораларни кўради», дейилган  матбуот хизмати хабарида.

Бундан аввалроқ баҳсли «Ўлмас полк» акцияси Тошкентда 9 май куни барибир ўтказиладиган бўлгани, ташкилотчилар акция иштирокчилари СССР мадҳиясининг садолари остида «Биродарлик қабристони»дан Мустақиллик майдонига пиёда боришини режалаштираётгани ҳақида хабар қилинганди.

«9 май куни тротуарлар ва пиёда йўлкалари бўйлаб «Биродарлик қабристони» мажмуасидан то Мустақиллик майдонидаги Мангу олов ёдгорлигигача мусиқий дастур билан пиёда юрамиз», – деганди акция ташаббускорларидан бири Тимур Исмоилов.

9 май — Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб «Биродарлар қабристони»да байрам тадбири ўтказилиши режалаштирилган.  Шу муносабат билан 9 май куни шаҳардаги Шота Руставели, Чўпон ота, Боғи бўстон кўчаларининг «Биродарлар қабристони»га туташ бўлган қисмида автомобиллар ҳаракати соат 7:00 дан 10:00 гача вақтинчалик чекланади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид