Ўзбекистон | 15:01 / 11.10.2021
3109
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда «Она ва бола тиббиёт кластери» ташкил этилади

Қашқадарёда мутлақо янги тизим – “Она ва бола тиббиёт кластери” ташкил этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Фото: KUN.UZ

“Бунда, вилоятдаги болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, перинатал, скрининг ва репродуктив саломатлик марказлари ҳамда туғруқ комплекси бирлаштирилади. Лўнда қилиб айтганда, қизларимизни оналикка тайёрлашдан бошлаб, боланинг туғилиши ва 18 ёшга етгунча кўрсатиладиган барча тиббий хизматлар бир жойда ташкил этилади. Шу билан бирга, кластерда 200 дан ортиқ турдаги мураккаб ва юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.

Шаҳрисабз шаҳри, Қамаши, Чироқчи ва Косонда перинатал марказлар ташкил қилиниб, “Она ва бола тиббиёт кластери”, Республика перинатал ва Болалар миллий марказлари билан интеграция қилинади. Шунингдек, ҳар йили 730 минг нафар болалар ва 90 минг нафар ҳомиладор аёллар витаминлар билан бепул таъминланади. 

Қашқадарёнинг олис ва чекка ҳудудларида истиқомат қиладиган 20 минг нафар аҳоли учун оилавий поликлиникаларда кеча-ю кундуз сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилади. Мисол учун, вилоят марказидан 210 километр ва туман марказидан 70 километр узоқликда жойлашган Шаҳрисабз туманининг “Кўл” қишлоғидаги оилавий поликлиника янгидан қурилиб, бепул стационар даволанишга шароитлар яратилади.

Бундай олис қишлоқларни малакали шифокорлар билан таъминлаш, бу ердаги ёшларга тиббиёт олийгоҳларига киришлари учун мақсадли квоталар ажратилади. Шунингдек, вилоятда келгуси икки йилда, 21 та маҳаллада оилавий поликлиника ва шифокорлик пунктлари ташкил этилади.

Қон босими ва диабет касалликларини даволаш учун, аҳолига энг зарур дори воситалари бепул етказилади. Буйрак касалликларини эрта аниқлаш мақсадида, барча бирламчи тиббиёт муассасалари экспресс-тест воситалари билан таъминланади. Онкологик касалликларни эрта аниқлаш учун 40 ёшдан ошган 132 минг аёл ҳар йили скрининг текширувидан ўтказилади. Шаҳрисабз, Ғузор ва Касбида жароҳатлар ва қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилиб, уларда гемодиализ хизмати ҳам йўлга қўйилади”, деди президентликка номзод.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид