Иқтисодиёт | 19:32 / 18.01.2026
2665
2 дақиқада ўқилади

Masdar компанияси Қашқадарёда қуёш станцияси ва энергия сақлаш тизими қуради

Лойиҳа ишга туширилгандан сўнг атмосферага йилига 280 минг тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади, 231 млн куб метр табиий газ тежалади, шунингдек, 280 мингга яқин хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконияти яратилади.

Фото: Masdar

Абу-Даби шаҳрида ўтказилган “Abu Dhabi Sustainability Week 2026”” халқаро ҳафталиги доирасида барқарор ривожланиш, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, инвестицияларни жалб қилиш ҳамда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида амалга оширилаётган лойиҳалар муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 75 МВт·соатли энергия сақлаш тизимини ўз ичига олган лойиҳа бўйича молиялаштириш масалалари юзасидан келишув имзоланди.

Мазкур лойиҳа БААнинг Masdar компанияси иштирокида ДХШ асосида амалга оширилади.

Лойиҳага Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банки томонидан молиявий ресурслар жалб этилади. Шунингдек, молиялаштириш пакетида Канада ва Финляндия ҳукуматлари маблағлари, Япония билан ҳамкорлик жамғармаси доирасидаги ресурслар ҳамда банк инструментлари назарда тутилган.

Лойиҳа ишга туширилгандан сўнг атмосферага йилига 280 минг тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади, 231 млн куб метр табиий газ тежалади, шунингдек, 280 мингга яқин хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконияти яратилади.

Ғузор лойиҳаси Masdar компаниясининг Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида бўлиб, ушбу лойиҳаларнинг умумий қуввати тахминан 2 ГВтни ташкил этади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид