Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жаҳон банки Ўзбекистонда талабаларни молиявий қўллаб-қувватлашга 250 млн доллар ажратади
Дастурий маблағларнинг қарийб 80 фоизи кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлган талабалар ва хотин-қизларга кредит ажратишга йўналтирилади.
Фото: Kun.uz
Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистон учун 250 млн доллар миқдоридаги кредитни маъқуллади. Ушбу маблағлар олий, техник ва касб-ҳунар таълими тизимида талабаларни молиялаштиришдан тенг фойдаланишни кенгайтиришга қаратилган дастурни амалга ошириш учун мўлжалланган.
Қайд этилишича, келгуси уч йил давомида ушбу дастур талабаларни молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтиришга ва бутун мамлакат бўйлаб 600 минг ёшлар учун таълим кредитларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга ёрдам беради.
Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган мазкур дастур 2026-2028 йилларда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан талабаларни молиялаштириш тизимидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш учун амалга оширилади.
190 миллион доллардан ортиқ маблағ ёки «EduImkon» дастури маблағларининг қарийб 80 фоизи аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, кам таъминланган оилалардан бўлган ёшлар ва хотин-қизларга таълим кредитлари ажратиш, шунингдек, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган таълим йўналишларини, хусусан, STEM мутахассисликларини танлашни рағбатлантиришга йўналтирилиши белгиланган.
Бунда хотин-қизлар барча олий ўқув юртлари талабаларининг 55 фоизини ва таълим кредитлари олувчиларнинг 80 фоизини ташкил этса-да, талаба қизларнинг атиги 33 фоизи меҳнат бозорида кўникмаларга талаб энг юқори бўлган STEM йўналишларида таҳсил олишини ҳам инобатга олиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, «EduImkon» дастури қўшимча 30 миллион доллар хусусий капитални жалб қилишга кўмаклашади. Бу талабаларни кредитлаш имкониятларини кенгайтиришга ёрдам беради ва давлат бюджетига босимни камайтиради.
Мавзуга оид
09:15
Таълим хизматлари Ўзбекистонда ўсиш суръати бўйича етакчи бўлди
19:05 / 31.03.2026
Талаба қизларга ҳарбий тайёргарликдан ўтиш ҳуқуқи кафолатланиши мумкин
11:25 / 24.03.2026
Жаҳон банки Сурхондарёда йўл қуришга 200 млн доллар ажратади
15:06 / 13.03.2026