Ўзбекистон | 15:35 / 01.06.2020
149318
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон билан чегарадаги можаро сабаби маълум қилинди

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги 31 май куни Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегараси «Чашма» участкасида рўй берган можаро бўйича баёнот берди.

Фото: RFE / RL

«Воқеа сабабларини икки томон расмий шахслари ўрганиши шуни кўрсатдики, «Чашма» булоғининг ариқларини биргаликда тозалаш пайтида юзага келган баҳслашув натижасида икки мамлакатнинг айрим фуқаролари ўртасида можаро келиб чиққан», дейилади Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Ҳодиса натижасида икки томондан ҳам жабрланганлар бор. Уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган.

Икки мамлакатнинг чегарадош вилоятлари раҳбарларининг музокаралари натижасида вазият тўлиқ назоратга олинди. Томонлар бундан кейин олдиндан келишувсиз тозалаш ишларини олиб бормасликка келишиб олишган.

«Таъкидлаш жоизки, «Чашма» булоғи Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси аҳолисини ичимлик ва суғориш суви билан таъминлайди. Ўзаро манфаатларни инобатга олган ҳолда «Чашма» булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисида келишув мавжуд.

2020 йил 1 июнь куни соат 09:00да Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Ариповнинг Қирғизистон Республикаси ҳукумати раҳбари в.б. К.Боронов билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликка оид кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди. Трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш ва чегарада юзага келадиган муаммоларни дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида 2017 йил 6 октябрда имзоланган Чегара ҳудудида ишонч чоралари бўйича Битим қоидаларига мувофиқ ҳал қилиш тўғрисида келишувга эришилди. 

Ҳукумат раҳбарлари яқин вақт ичида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва Ўзбекистон Республикасининг чегарадош вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон ҳукуматининг чегараолди ҳудудларидаги ваколатли вакиллари Кенгашини ўтказишга келишиб олдилар», дейилади вазирлик хабарида.

Фото: Қирғизистон ҳукумати

Икки мамлакат делегациялари раҳбарлари биргаликда маҳаллий аҳоли билан ҳам учрашув ўтказган.

Бундан аввалроқ Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги чегарадаги можародан сўнг 25 киши Айдеркен шаҳридаги касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берганди.

Мавзуга оид