Фан-техника | 16:07 / 13.01.2019
9122
6 дақиқада ўқилади

CES 2019 кўргазмаси: Сунъий идрокли комбайн, ўзиюрар чамадон ва бошқа келажак гаджетлари

Фото: AFP

Ҳар йили кимдир Apple компаниясининг янги гаджетлари тақдимотини ёки яна кимдир Tesla компаниясининг янги инновациясини кутади. Оддий истеъмолчи учун келажак технологиялари кўргазмаси CES (Consumer Electronics Show) эса ҳар йили ўтказиб келинади. Бу галгиси 8 январдан 11 январгача Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтди.

Кўргазма истеъмолчилар учун мўлжалланган технологиялар соҳасидаги асосий тадбирлардан саналади. Унда жаҳонга машҳур компаниялар стартапларнинг тайёр маҳсулотлари билан бир қаторда келажак ускуналарининг лойиҳалари ҳам намойиш этишади.

Бу йилги CES 2019 нималар билан ҳайрон қолдириши мумкин? Қуйида кўргазманинг энг инновацион лойиҳаларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Samsung'дан модулли телевизор. Samsung ўлчами фақатгина блоклар сони билангина чекланган The Wall модулли телевизорини тақдим этди. Тақдимотда телевизорнинг диагонали 219 дюмли прототипи намойиш қилинган, назария бўйича эса у ҳар қандай ўлчамга мослашаверади.

Телевизорнинг ҳар бир блоки бир неча микрон ўлчамидаги ёруғлик диодлари билан таъминланган MicroLED технологиясига кўра ишлаб чиқилган. The Wall 8К тасвирларни кўрсатади, 4К тасвирларни ҳам сунъий идрок воситасида 8К тасвиргача сифат бузилишисиз чўза олади. Телевизорнинг сотувга чиқиш вақти ва нархи эълон қилинмаган.

Google Assistant'даги синхрон таржимон. CES кўргазмаси вақтида Google компанияси кенг масштабда янгиланган Assistant'ни тақдим этди. Янгиланган «ёрдамчи» 27 тилда синхрон таржима қила олади. Синхрон таржимон «Google, <тил номи> тилидан таржимон» буйруғи билан фаоллаштирилади. Шундан сўнг восита суҳбат иштирокчиларининг нутқини навбатма-навбат таржима қилишни бошлайди.

Assistant'нинг янги имкониятлари дастлаб Google Home Hub «ақлли» колонкалари эгаларига берилди.

Ўрамага айланадиган LG телевизори. LG 65-дюйм OLED-экранли Signature телевизорини кўрсатди. Экран, тугма босилиши билан, бир неча сония ичида букила бошлайди ва 50 минг очиб-ёпиш тарзига мосланган.

Дисплей букилган ҳолда ҳам тасвирларни 21:9 шаклида кўрсатиб, ишлайверади. Телевизор 2019 йилнинг охиридан савдога чиқарилади.

Қўшимча реаллик билан таъминланган Whirlpool «ақлли» духовкаси. Whirlpool маиший техника ишлаб чиқарувчи компанияси CES'да Whirlpool Connected Hub Wall Oven духовкасини тақдим этди. Овқат тайёрлаш мобайнида духовка ойнасида турли таомларни пишириш бўйича фойдали маслаҳатлар ва тавсиялар кўринади.

Духовка эшигига ойнаси ўрнига ўрнатилган 27 дюймли LCD экран қўшимча реалликни кўрсатади. Унинг ичидаги камера эса пишириш жараёнини назорат қилишда ёрдам беради, ҳатто эшикни очмасдан тасвирни яқинлаштириш имкониятига ҳам эга. Ҳозирча Whirlpool Connected Hub Wall Oven — оддий концепт холос, компания эҳтимолий ишлаб чиқариш ёки нархни маълум қилмаган.

Сунъий идрокли комбайн. John Deere компанияси кўргазма маросимига 20 тоннали комбайнни олиб келган. «Интерстеллар» фильмини эслаган бўлсангиз керак. GPS ўрнатилган комбайнлар. Ушбу комбайнни ҳам GPS созламалари билан дастурлаш ва ҳосил йиғишга жўнатиб юбориш мумкин. Комбайн белгиланган йўлидан 25 миллиметрга ҳам адашмайди, унга терим сифатини назорат қилувчи 2 камера ҳам ўрнатилган.

Терим вақтида комбайн ер ҳолати ва ҳосил йиғиш шароитлари ҳақида маълумотлар йиғиб боради.

Сontinental'дан робокўппаклар ва ўзи бошқарилувчи машиналар билан автоном етказиб бериш хизмати.

Continental компанияси робокўппаклар ва ўзи бошқарилувчи машиналарда етказиб бериш хизмати лойиҳасини тақдим этди. Лойиҳага кўра, ўзи бошқариладиган машиналар буюртмани манзилгача олиб боради, робокўппаклар эса уни эшиккача етказади.

Тақдимот давомида робокўппаклар автоном етказиб бериш машқини ҳам кўрсатиб берди. Йиғилганларга кўппакларнинг зинадан ниҳоятда секин кўтарилиши маъқул келмаган.

Робот-чамадон. ForwardX Robotics америка-хитой компанияси ғилдиракли Ovis Suitcase чамадонини тақдим этди. Унинг ўзига хос хусусияти - уни ғилдиратиб юриш шарт эмас, у ўз эгасининг ортидан эргашиб юради.

Сунъий идрок ўрнатилгани эвазига чамадон эгасининг ҳаракатларини осон кузатиб боради ва доим ён томонида юради. Гаджет тўсиқларни кўради ва четлаб ўта олади.

Чамадон зина ёки эскалатор яқинига келиб қолса, автоматик функцияни ўчириш учун тутқичга қўл текказишнинг ўзи кифоя қилади. Чамадон билан қўшиб, «ақлли» билагузук ҳам қўшиб берилади. Билагузук гаджет эгасидан икки метр узоқлашиб кетганида огоҳлантириб туради. Чамадон йўқолиб қолса, уни GPS-трекер билан топиш мумкин. ForwardX Robotics чамадонининг нархи 800 доллар қилиб белгиланган.

Ёстиқли хавфсизлик нимчаси. Helite француз компанияси томонидан велосипедчилар учун махсус B'Safe ёстиқли хавфсизлик нимчаси ишлаб чиқилди. У велосипедчини жароҳатлардан сақлаш учун йиқилиш вақтидаёқ ишга тушади.

Нимча икки сенсорни ишлатади: бири эгарга маҳкамланган, иккинчиси эса нимча ичида. Сенсорлар велосипедчининг йиқилиш лаҳзасини тезда илғайди ва нимча ишга тушади. «Ақлли» нимчанинг нархи 650-700 доллар атрофида баҳоланмоқда.

Мавзуга оид