Спорт | 22:24 / 18.05.2026
2134
2 дақиқада ўқилади

Эрон ФИФАдан АҚШда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш кафолатини олди

Эрон ТИВ 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун ФИФА кафолатларини олганини маълум қилди.

Фото: Reuters

Эрон ТИВ расмий вакили Исмоил Бақоий матбуот анжуманида Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) Эрон миллий жамоасига бўлажак жаҳон чемпионатида иштирок этиш бўйича кафолат берганини маълум қилди.

«Икки кун олдин Туркияда Эрон футбол федерацияси вакиллари ва ФИФА юқори мартабали вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди, унда бизга ФИФА мезбон томонларнинг меъёрларга риоя қилиши учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириши ҳақида кафолат берилди», деди Бақоий.

Кафолатлар эронлик спортчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, виза бериш ва хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ. Илгари Эрон АҚШ билан кескин муносабатлар туфайли иштирок этиш учун 10 та шарт қўйган эди (жумладан, делегациянинг барча аъзолари учун виза масалалари, байроқ ва мадҳияга ҳурмат, хавфсизлик).

Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Эрон ЖЧ-2026 қуръасига кўра, G гуруҳида Белгия, Миср ва Янги Зеландия билан ўйнаши, ҳар учала ўйин ҳам АҚШ ҳудудида ўтказилиши керак.

Аввалроқ Эрон миллий жамоаси виза муаммолари туфайли 2026 йилги жаҳон чемпионатини ўтказиб юбориши мумкинлиги хабар қилинганди. Шунингдек, АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми ҳам бу масалани сўроқ остида қолдирган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид