Ўзбекистон | 19:13 / 11.02.2021
17282
3 дақиқада ўқилади

Лотин ёзувидаги ўзбек алифбоси ҳам ислоҳ қилинади

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича «йўл харитаси»да лотин ёзувини ислоҳ қилиш масаласи ҳам ўрин олади. Бу ҳақда Kun.uz’га ишчи гуруҳ аъзоларидан бири маълум қилди.

Фото: assembly.kz

Ҳужжат матни эълон қилингач, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари «имло, алифбомиз яна ислоҳсиз қоляпти» мазмунида танқидий фикрларни билдира бошлади. Kun.uz мухбири норматив ҳуқуқий ҳужжатда лотин ёзувини ислоҳ қилиш масалалари ўрин олган ёки олмаганини билиш мақсадида «Йўл харитаси»ни ишлаб чиққан гуруҳ аъзоларидан бири билан телефон орқали боғланди.

Ишчи гуруҳ аъзосининг сўзларига кўра, «Йўл харитаси»даги иккинчи бандда лотин ёзувини ислоҳ қилиш масаласи ҳам ўрин олади.

«Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш бандида шу масала ҳам кўзда тутилган.

Унга кўра, алифбодаги муаммоли ҳисобланган «O‘, G‘» каби ҳарфларнинг ҳам ислоҳ қилиниши назарда тутилган (суҳбатдошга кўра, энг камида шу икки ҳарф ислоҳ қилинади). Бу орқали ёзувимиз янада такомиллашади ва минг йиллаб фойдаланиш мумкин бўлади», деди манба.

Унинг қўшимча қилишича, гуруҳ аъзолари ўтган йилнинг 20 октябридан бошлаб бу масала бўйича мунозаралар ўтказиб келмоқда.

«Баҳслар асосан лотин ёзувидаги ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш борасида бўляпти. «Йўл харитаси»да белгиланган банд бўйича алифбомизнинг охирги, ислоҳ қилинган варианти ва ниҳоят тўлиқ ишлаб чиқилади», деди суҳбатдош.

11 феврал куни ҳукумат қарори билан Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича «йўл харитаси» тасдиқлангани маълум қилинди. «Йўл харитаси»да Лотин ёзувидаги ўзбек алифбосининг янги таҳрири асосида «Ўзбек тилининг имло қоидалари»ни тасдиқлаш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам белгиланган.

Мавзуга оид