Ўзбекистон | 16:11 / 12.02.2024
15472
2 дақиқада ўқилади

Док-1 Макс иши: прокурор Фармагентликнинг собиқ мансабдорларига 18 йилдан қамоқ сўради

Судда 68 нафар вафот этган, 16 нафар оғир тан жароҳати олган болалар учун судланувчилардан 100 млн сўмдан, 2 нафар енгил тан жароҳати олган болалар учун эса 20 млн сўмдан товон пули ундириш сўралди.

Фото: Kun.uz

Док-1 Макс иши бўйича судда сўз олган прокурор Фармацевтика тармоқларини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари С.К. ва унинг икки ўринбосари сифатида ишлаган А.А. ҳамда М.Н.га 18 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазо тайинланишини сўради. Бу ҳақда суд мажлисида иштирок этаётган Kun.uz мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу мансабдорларнинг ҳар бирини 3 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш талаб қилинган.

Шунингдек, прокурор ҳиндистонлик айбланувчи С.Р.П.га 20 йил қамоқ жазоси сўраган.

Суд мажлисида давлат айбловчиси томонидан 68 нафар вафот этган, 16 нафар оғир тан жароҳати олган болалар учун судланувчилардан 100 млн сўмдан, 2 нафар енгил тан жароҳати олган болалар учун эса 20 млн сўмдан товон пули ундириш ҳам сўралган.

Олдинроқ Док-1 Макс иши бўйича суд тергови якунланиб, музокара босқичига ўтилгани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, 68 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” дори воситасига доир жиноят иши бўйича илк суд иши 2023 йил 11 август куни бўлиб ўтганди. Иш доирасида 23 нафар шахслар Жиноят кодексининг турли моддалари билан айбланмоқда. Уларнинг 9 нафарига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. 

Мавзуга оид