Ўзбекистон | 19:57 / 21.07.2023
44086
8 дақиқада ўқилади

«Президент ҳеч кимни ташлаб қўймайди» – бош вазир уй-жой муаммосига учраганлар масаласида ечимларни айтди

Очилбой Раматов раислигидаги комиссия Яшнобод туманида қурилиши режалаштирилган уй-жой билан боғлиқ можаро юзасидан ўрганиш ишларини якунлаб, натижаси юзасидан асосланган таклифларни 20 июл куни бош вазирга тақдим этган. Бу ҳақда бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов Kun.uz’га маълум қилди.

Бугун, 21 июл куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириқларига асосан бош вазир Абдулла Арипов Тошкент шаҳрида «Aziya Invest Favorit» МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли уй-жойлардаги хонадонларни фуқароларга сотилиши юзасидан келиб чиққан низоли вазият қатнашчиларини қабул қилди.

Сайёр қабулда мазкур масалани ўрганиш ва ҳал этиш бўйича тузилган Ҳукумат комиссияси томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

«Мурожаатларинг бўйича фармойиш чиқарганман, биласизлар. Кеча “командировка”дан келдим, 4 кун бўлмаганман. Ўринбосарим Раматов бошчилигида комиссия қилганман. У ерда адлия, молия, қурилиш вазирлиги ҳамма мутасадди идоралардан вакиллар бор.

Олдин битта нарсани гаплашиб олайлик. Ҳеч қайсингларга давлат мана шу ердан уй олинглар деб қўлларингдан етаклаб олиб боргани йўқ, тўғрими?! У одам ўзи [ер] олиб, [қурилиш] қиляпти, тадбиркор у. Ҳали қочиб кетгани йўқ, биз уни қамаганимиз йўқ. Агар сизлар тўполон қилаверсанглар, уни қамаб қўямиз, у [сизлардан олган] пулларни тўлай олмайди, уйни ҳам қуриб битказмайди. Сизларга уй керак, тўғрими?!

Ҳаммасини қонуний қилиб ҳал қилиб берамиз. Ҳаммангларнинг олдиларингда ваъда беряпман. Олтиш иккига чиққанман, Тошкентда туғилганман, бирор одам мени ёлғон гапириб кетди, лафзига жавоб беролмади деб айблай олмайди. Ўзбекистонда ҳам, ташқарида ҳам.

Сизларнинг олдингларга мени ҳурматли президентимиз юбордилар. Орқангларда нафақат биз – бош вазир, шаҳар прокурори, қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари ва бошқалар, балки президент турибди. Шунинг учун қўрқманглар. Мен сизлар билан алоҳида ўтириб, бирма-бир гаплашиб ҳаммасини ҳал қиламиз», деган бош вазир.

У шундан кейин мурожаатчиларга ечимларни таклиф этган.

«Лекин мен сизларга “Уч кунда, бир ҳафтада ёки бир ойда ҳал қилиб бераман” деб ваъда бермайман. Лекин кетма-кет ҳамма масалага ечим топамиз. Кўчада қолиб кетмайсизлар. Уйнинг пулини тўлаганларга ё тўлаган пулини қайтариб олиб берамиз ёки уй қурдириб берамиз.

Уй нархининг 50 фоизини тўлаганларга пулини қайтариб олиб берамиз. Қўшимча тўлов қилиш масаласи кўриб чиқилади. Агар қурилиш материаллари қимматлашиб, нарх-наво индексация бўлган бўлса, унда уй олиш учун индексацияланган қийматда тўлов қиласизлар. Етмиш-саксон фоиз тўлов қилганлар ҳам қолган пулни шу тахлитда тўлайди.

Биз бошқа қурувчини олиб келамиз. Ҳозирги қурувчи бу уйларни қуриб беролмайди. Уй учун юз фоиз тўлов қилганларнинг пулини унинг ҳисобидан ундириб оламиз. Бошқа қурувчи уйларни қуриб битказгач, харажатларини ҳисоб-китоб қилиб нарх чиқаради. У қурувчига бошқача компенсация қилдириб бераман қилган ишларини. Биз сизлардан бир сўм фойда қилмаймиз. Ваъда бераман бунга. Шу боис ҳам Президентимиз тушунтир уларга деб мени ёнларингга юборди», деган ҳукумат раҳбари.

Ҳукумат комиссияси томонидан Яшнобод тумани Иззат кўчасида «Aziya Invest Favorit» МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли уй-жойлардаги хонадонларнинг фуқароларга сотилиши юзасидан келиб чиққан низоли вазият жойига чиққан ҳолда ўрганилган.

Пудрат ташкилоти ва фуқаролар ўртасида уй-жой низоси оқибатида юзага келган муаммоли масалаларни бартараф этиш бўйича комиссия томонидан бош вазирга қуйидагилар таклиф қилинган:

Қурилиш ишлари давом этаётган 4 та уй бўйича:

  • Суд қарорлари ва келишув битимларига асосан банклар балансига ўтказилган 652 та хонадон бўйича тижорат банклари билан келишув асосида кредит таъминотини пудрат ташкилотига тегишли бўлган ва тергов жараёнида хатланган мол-мулкларга (227,8 млрд сўм) алмаштириш ҳисобига ушбу хонадонларнинг фуқаролар номига расмийлаштирилишини таъминлаш.
  • Қурилиш ишлари якунига етказилмаган 4 та кўп қаватли уйни Ҳукумат комиссияси назорати остида пудрат ташкилотининг бошқа мол-мулкини сотиш орқали тушган маблағлар (16 млрд сўм) ҳамда фуқаролар томонидан тўланиши лозим бўлган якуний тўловлар (27 млрд сўм) ҳисобидан қисқа муддатларда қурилиш ишларини якунлаб, фуқароларга кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш.

Фуқаролардан пул йиғиб олинган ноқонуний уй-жой қурилиши лойиҳаси бўйича:

1-вариант: тергов якунлари бўйича, истисно тариқасида, суднинг ҳал қилув қарорини кутмасдан фуқаролардан олинган дастлабки ҳисоб-китобларга кўра жами 161,7 млрд сўм пул маблағларини пудрат ташкилотининг бошқа мол-мулкларини сотиш ҳисобидан қоплаб бериш.

2-вариант:

1) Агарда аксарият фуқаролар томонидан пул маблағлари олинмаган тақдирда «Тошкент шаҳар сувтаъминоти» МЧЖга тегишли бўлган 4,5 гектар ер майдонини шаҳар ҳокимлиги тасарруфига қайтариб, алоҳида аукцион орқали сотиш бўйича ҳукумат қарорини қабул қилиш.

2) Салоҳиятли янги пудрат ташкилоти ёпиқ аукцион орқали ер майдонини сотиб олиб, Қурилиш ва коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан тайёрланган лойиҳа таклифи асосида 2 мингта хонадонли 25 та 16 қаватли уй-жойлар қурилишини амалга ошириш ва бошқа шу сингари таклифлар.

Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов мурожаатчилар билан кейинги учрашув август ойида ўтказилишини маълум қилган.

Бош вазир матбуот котибининг таъкидлашича, ҳукумат комиссияси  ишлаб чиққан таклифлар Абдулла Арипов томонидан икки ҳафта ичида кўриб чиқилади ва натижаси бўйича тегишли қарор қабул қилинади.

«Қабул якунида улар билан навбатдаги якуний учрашув жорий йил август ойининг биринчи ўн кунлигида ўтказилиши айтилди», дея маълум қилган у ўз Telegram-каналида.

Бош вазир жабрланувчилар билан учрашувда Фото: Бош вазир матбуот котиби

6 июл куни «Aziya Invest Favorit » МЧЖ билан Тошкент шаҳри Яшнобод тумани Иззат кўчасида қурилиши режалаштирилган кўп қаватли уйлардан квартира сотиб олиш бўйича шартнома тузган бир гуруҳ фуқаролар Kun.uz’га мурожаат қилиб, орадан бир ярим йилдан кўпроқ вақт ўтганига қарамай қурилиш ишлари ҳали бошланмаганидан шикоят қилишганди.

Бундан ташқари, бир гуруҳ фуқароларнинг видеомурожаатлари YouTube платформасига ҳам жойлаштирилган, Telegram-каналларда харидорлар ва қурилиш фирмаси ходимлари ўртасидаги можароли тортишувлар акс этган видеолар тарқалганди.

Kun.uz’нинг прокуратурадаги манбасига кўра, «Aziya Invest Favorit» МЧЖ мансабдорлари томонидан фуқароларга етказилган зарар ҳозиргача аниқланган маълумотларга кўра, 300 миллиард сўмдан ошади. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Таҳририятга йўлланган мурожаатларда алданган фуқаролар қурувчилар аввалбошдан уй қуриш ниятида бўлмагани, уйларнинг квадрат метри учун пойтахт бўйича энг арзон нарх белгилаб, шу йўл билан кўпчиликни тузоққа туширишгани, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ушбу фирибгарлик схемаси ва анча олдин йўлланган шикоятларни эътиборсиз қолдирганини ёзишган.

Kun.uz’да эълон қилинган мақола ортидан 6 июл куни зудлик билан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши ташкил этилиб, Иззат турар жой мажмуасидан уй сотиб олмоқчи бўлиб, алданиб қолган фуқароларнинг муаммосини ўрганиш ва уларни бартараф этишга қаратилган таклифлар тайёрлаш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилгани маълум бўлди.

«Aziya Invest Favorit» МЧЖ ва фуқаролар ўртасида юзага келган муаммоли масалаларни тезкор ҳал қилиш ва уй-жойлар қурилишини тўлиқ, сифатли ва тезкор якунлаб фойдаланишга топшириш мақсадида тузилган комиссияга бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раис этиб белгиланганди.

Мавзуга оид