Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ички ишлар ходимини урган ҳайдовчи қамоққа олинди
Ички ишлар тизимида масъул лавозимда ишлаган Шерзод Пардаев лавозимидан озод этилди. Унинг укаси билан боғлиқ ҳолатга аралашгани ўз хизмат ваколатларидан нотўғри фойдаланиш сифатида баҳоланди.
Фото: Видеодан кадр
Сирдарё вилояти ИИБда ички ишлар вазири ўринбосари Диёрбек Саттаров раҳбарлигида танқидий йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Йиғилишда айрим раҳбар ходимларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришга нисбатан лоқайд муносабати танқидга олинган.
Хусусан, Сирдарё вилояти ИИБ раҳбар ходими ва унинг яқин қариндоши иштирокидаги ҳолат – маст ҳайдовчининг ички ишлар ходимини уриши ва ёнидаги полковник акаси бунга аралашиши воқеаси кескин муҳокама қилинган. Бу хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ва мансаб мавқейидан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланиш эҳтимолини кўрсатувчи салбий ҳолат сифатида баҳоланган.

Маълум қилинишича, ҳуқуқбузарликка йўл қўйган подполковник Шерзод Пардаев вазирликнинг тегишли буйруғи билан лавозимидан озод этилган.
Йиғилиш якунида мавжуд камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда қонунийликни таъминлаш бўйича раҳбар ходимларга аниқ кўрсатмалар берилган.
Ходимга туширилган мушт воқеаси
Ҳолат 30 март куни тунги вақтда Яшнобод туманида содир бўлганди. Malibu ва Leapmotor машиналари ўзаро тўқнашиб кетгач, ҳайдовчилар ўртасида тортишув юзага келган. Сўнгра Leapmotor ҳайдовчиси 102 рақамига қўнғироқ қилиб, давлат рақам белгисига эга бўлмаган Malibu ҳайдовчиси авария содир этиб, унга нисбатан қўполлик қилаётгани ҳақида хабар берган.
Мурожаатга асосан воқеа жойига етиб борган йўл-патрул хизмати ходимлари ҳолатни расмийлаштиришга киришган. Маст ҳолатда машина бошқариб келган Malibu ҳайдовчисига алкотестер орқали текширувдан ўтиш таклиф қилинган.
Ҳайдовчи эса қаршилик кўрсатиб, ходимлардан бирига мушт туширган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ҳайдовчи ички ишлар ходимига тирсаги билан зарба берганини ва унинг акаси экани айтилган эркак вазиятга аралашишга уринганини кўриш мумкин.
Ҳайдовчи спиртли ичимлик ичгани сабабли қўли кўтарилиб кетганини айтиб, узр сўраган. Ҳозирда у процессуал тартибда ушланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳайдовчи қамоққа олинган
Тошкент шаҳар судлари ахборот хизматига кўра, маст ҳолда машина бошқариб, ички ишлар ходимини урган 36 ёшли Бобур Пардаевга ЖИБ Яшнобод туман суди ажрими билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Бугун ушбу суд ажрими Тошкент шаҳар судида апелляция тартибида кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг ажрими ўзгаришсиз, айбланувчи томон келтирган апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Мавзуга оид
20:26 / 02.04.2026
Тошкентда маст ҳайдовчи ички ишлар ходимини урди
21:16 / 21.03.2026
“Zamin qurilish”нинг “Rohat” турар-жой мажмуаси масъуллари қамоққа олинди
11:42 / 18.03.2026
Ўзи содир этган ҳуқуқбузарликни интернетга тарқатганлик учун жавобгарлик киритилмоқда
15:10 / 13.03.2026