Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Microsoft Японияда жума кунлари ходимларига дам берди. 4 кунлик иш ҳафтасида самарадорлик ўсди
Тўрт кунлик иш ҳафтаси компаниянинг иш унумдорлигини оширади — Microsoft корпорациясининг Япониядаги филиали ходимларига бир ой давомида жума кунлари ишламасликка имкон берганидан сўнг шундай хулосага келинган.
Фото: Getty Images
Компания баёнотига кўра, Microsoft Japan ҳар жума куни «Work-Life Choice Challenge Summer 2019» деб номланган акция доирасида ўз офисларини ёпган. Компаниянинг доимий ишчилари ушбу дам олиш кунлари учун маош олишган.
Ушбу тадбирлар 2280 нафар ходимнинг 90 фоизига тааллуқли бўлган. Уларга ярим соатдан кўп вақт талаб этадиган йиғилишлар ўтказиш тақиқланган ва ишга оид барча масалаларни юзма-юз учрашувларда эмас, мессенжер орқали ҳал этиш тавсияси берилган.
Натижада самарадорлик, яъни бир ходимга тўғри келадиган сотув ҳажми деярли 40 фоизга ошган.
«Камроқ ишланг, яхшилаб дам олинг ва кўп билим эгалланг. Инсонга ҳаёт мақсадини англашга ва ишда янада юқори марраларга эришишга имкон берувчи муҳит керак. Мен ходимларимнинг бўш вақти 20 фоизга камроқ бўлганда ҳам худди шундай муваффақиятларга эришишларини хоҳлайман», — дейди Япониядаги Microsoft президенти Тукуйя Хирано.
Қайд этиш керакки, бу япон корпорацияси учун ғайриоддий фалсафа. У ерда кўп йиллардан бери меъёридан ортиқ ишлаш ва оғир, баъзида ҳалокатли иш стресси мавжуд.
«Ақлли ҳордиқ»
2017 йилда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Япония компанияларининг деярли чорак қисмида ходимлар ойлик меъёрдан ўртача 80 соат кўп ишлашади. Аксарият ҳолларда ушбу қўшимча иш вақтига ҳақ тўланмайди.
Япон тилида «кароси» атамаси ҳам мавжуд бўлиб, бу керагидан ортиқ ишлашдан вафот этишни англатади. Японияликлар йилда ўртача 1713 соат вақтини ишда ўтказади.
Шу сабабли, Microsoft тажрибасидан кейин ўтказилган сўровда ходимларнинг 92 фоизи ушбу акция ўзларига маъқул бўлганини айтишгани бежиз эмас.
Бундан ташқари, офисда қўшимча дам олиш кунли ўтган бир ойлик иш вақти давомида электр энергияси истеъмоли 2018 йилнинг августига таққослаганда 23 фоизга, қоғоз сарфи эса 59 фоизга камайган.
Microsoft ўз тажрибасини қишда ҳам такрорлаб кўрмоқчи. Бу сафар ходимларга қўшимча таътил кунлари ўз-ўзидан берилмайди. Улар яна бир ҳордиқ куни олишга ва «ақлли дам олиш»га руҳлантирилади.
Олти кун
Alibaba асосчиси Жек Ма эса аксинча, аввалдан 12 соатлик иш куни жорий этиш тарафдори бўлган. 2019 йилнинг апрель ойида «966» номли ўз схемасини тақдим қилди, унда ишчилар эрталаб соат 9:00дан кечки соат 21:00гача ишлашади, унинг иккинчи номи «барака».
Британия Меҳнат партияси томонидан буюртма қилинган тўрт кунлик иш ҳафтасини жорий этишга доир ўтказилган тадқиқотларда бу амалиёт иложсиз деб топилди.
Мавзуга оид
11:47 / 21.01.2026
Синдзо Абэни отиб ўлдирган шахс умрбод қамоққа ҳукм қилинди
15:57 / 20.01.2026
Япония бош вазири муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказилишини эълон қилди
22:40 / 06.01.2026
Япониядаги аукционда туна балиғи миллионлаб долларга сотилди
10:08 / 26.12.2025