Яқинда Токиода бўлиб ўтган «Марказий Осиё + Япония» биринчи саммити доирасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Мулоқотлар самараси сифатида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Хирата Кэндзи билан Тошкент шаҳар “Қон препаратлари” илмий-ишлаб чиқариш корхонасида учрашув ўтказди.
Учрашувда “Қон маҳсулотлари сифатининг назорати тизимини такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Қайд этилишича, лойиҳа Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Маълум қилинишича, грант маблағлари ҳисобидан 17 та муассаса 7 турдаги 268 та замонавий қон сақлаш ва ташиш ускунаси, шунингдек 4 турдаги 136 та аксессуар билан таъминланади. Бундай ускуналар аввалроқ Республика қон қуйиш марказида ўрнатилгани ҳам қайд этилди.
Мазкур лойиҳа донорлар томонидан топширилган қондан ишлаб чиқариладиган қон маҳсулотларининг сақланиш муддатини ошириш, шунингдек хавфсиз қон маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.












