Жаҳон | 15:57
573
2 дақиқада ўқилади

Япония бош вазири муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказилишини эълон қилди

Япония парламенти 23 январ куни тарқатилади, муддатидан олдинги сайловлар эса 8 феврал куни бўлиб ўтади, деб маълум қилди Япония бош вазири Санаэ Такаити. У коалициянинг парламентдаги кўпчилик ўринларини кўпайтириш учун ўзининг юқори рейтингига таянишни истамоқда.

Фото: Kim Kyung-Hoon/Getty Images

Япония бош вазири Санаэ Такаити 8 феврал куни муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказилишини эълон қилди. Шу мақсадда 23 январ куни парламентнинг қуйи палатаси тарқатиб юборилади, дея душанба, 19 январ куни Токиода 64 ёшли ҳукумат раҳбари маълум қилди. Такаити ҳокимиятга келганига эндигина уч ой бўлган.

Шу тариқа Япония миллий-консерваторлари етакчиси ўзининг жуда юқори рейтингига таяниб, коалицияси таркибидаги Либерал-демократик партия (ЛДП) ва консерватив-неолиберал «Японияни янгилаш жамияти» партиясига тегишли парламент кўпчилигини оширишга умид қилмоқда. Япон ОАВ маълумотларига кўра, ҳозир сайловчиларнинг 70 фоиздан ортиғи Такаити партиясини қўллаб-қувватламоқда.

Бундан ташқари, ҳукумат раҳбари бюджет харажатларини кўпайтириш ва солиқларни камайтириш ҳисобига иқтисодий ўсишни таъминлаш режалари, шунингдек, Япониянинг янги мудофаа стратегияси бўйича масалаларни амалга оширишда сайловчилар қўллаб-қувватловини мустаҳкамлашни мақсад қилган. «Бу сайловларга мен бош вазир сифатида сиёсий келажагимни тикяпман. Мен жамоатчилик мамлакатни бошқаришни менга ишониб топширадими-йўқми — бевосита ҳал қилишини истайман», — деди у.

Санаэ Такаити октябр охирида Япония ҳукумати раҳбари лавозимига келган илк аёл киши бўлди. Шунингдек, у сўнгги беш йил ичида Япониянинг тўртинчи бош вазирига айланди.

1955 йилдан бери Японияда деярли узлуксиз ҳокимиятда бўлиб келган Либерал-демократик партия (ЛДП) охирги пайтлардаги можаролар фонида парламентнинг ҳар икки палатасида ҳам кўпчиликни йўқотган. Октябр охирида эса ЛДПнинг 26 йил давомидаги коалицион шериги бўлган ўнг марказчи «Комэйто» партияси Такаитининг партияларни молиялаштириш ва хавфсизлик сиёсати бўйича қатъий позицияси сабаб коалициядан чиқиб кетган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид