Амалдорларнинг қимматбаҳо машиналари нима бўлади? Коррупцияга қарши курашиш агентлиги муносабат билдирди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хизмат учун автотранспорт воситаси ҳар бир амалдорнинг мансаб даражасидан келиб чиққан ҳолда бириктирилиши лозим, деб ҳисоблайди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Баҳром Бурхониддинов давлат бюджети таъминоти ҳисобидан хизматда фойдаланиш учун қимматбаҳо автомобиль сотиб олаётган амалдорлар масаласига муносабат билдирди.
«Бу бўйича аниқ ҳуқуқий чора ва механизмлар белгиланиши лозим. Шу пайтгача нормалар етарли бўлмагани учун мунозаралар келиб чиқмоқда. «Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон президенти қарори лойиҳасида ҳам айнан шундай ҳолатларни бартараф этиш кўзда тутилган», — дейди у.
Бурхониддиновнинг айтишича, қарор лойиҳасида амалдорларнинг эгаллаб турган мансаб даражасидан келиб чиқиб, унга хизмат автотранспорти ажратилиши назарда тутилган. Масалан, туман ва шаҳар ҳокимларига бириктирилган машиналар нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг 1200 бараваридан (267 миллион 600 минг сўм) ошмаслиги кўрсатилган.
«Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг вилоят, Қорақалпоғистон ва Тошкент шаҳар бўлинмалари раҳбарларининг хизмат автомобили нархи эса БҲМ 700 бараваридан (156 миллион 100 минг сўм) ошмаслиги белгиланмоқда. Қарор лойиҳасида хизмат автомобилларини янгисига, ундан 5 йил фойдалангандан сўнг, алмаштириши кўрсатилган», — дейди агентлик масъули.
Баҳром Бурхониддиновнинг таъкидлашича, давлат ташкилотларида фойдаланишда мавжуд, яъни қарор амалиётга татбиқ этилгунга қадар харид қилинган барча автотранспорт воситалари хатловдан ўтказилади.
«Белгиланган нормативдан ортиқча қийматда харид қилинган ҳар бир автомобиль онлайн аукцион орқали сотилиши таъминланади. Сотувдан тушган маблағлар машина хариди учун ресурс қайси бюджетдан олинган бўлса, шу жойга туширилади», — дея қайд этди у.
Аввалроқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг 9 ойдаги ижроси ҳақида ҳисобот берган молия вазири Тимур Ишметов ҳам ушбу масалага муносабат билдирганди. Вазир ўз нутқида пандемия пайтида маҳаллий ҳокимликларнинг қиммат автомобиллар харид қилишига танқид назари билан қарашини таъкидлаган.
Маълумот учун, 12 ноябр куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан қарийб 883 млн сўмга Toyota Prado автомобили сотиб олинган. Наманган вилоят ҳокимлиги 2 июлда 1 млрд 579 млн сўмга Tоуоtа LC 200 автомобилини, 23 сентябрда 398 млн сўмга Trailblazer LTZ AT русумли автомобилни сотиб олган.
Поп ва Учқўрғон туман ҳокимликлари томонидан 9 ва 13 октябр кунлари Trailblazer LTZ AT русумли автомобиллар сотиб олинган.
Жиззах вилоятининг Зарбдор ва Мирзачўл туманлари ҳокимликлари томонидан 9 ва 16 октябр кунлари 370 млн сўмдан Trailblazer LTZ AT русумли автомобили харид қилинган. Самарқанд вилоятининг Қўшработ ва Нарпай тумани ҳокимликлари ҳам қатордан четда қолмай, 7 феврал ва 4 сентябр кунлари 398 млн сўмлик Trailblazer LTZ AT’га мурожаат қилишган.
Қашқадарё вилоятида вилоят ҳокимлиги томонидан 30 сентябр куни 349 млн сўмга Equinox-АТ, 21 октябр куни 206 млн сўмдан жами 620 млн сўмга 3 дона Tracker харид қилинган. Сурхондарё вилоятида вилоят ҳокимлиги томонидан 6 ва 26 октябр кунлари 3та Trailblazer LTZ AT автомобили жами 1 млрд 194 млн сўмга; вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан 23 сентябр куни 398 млн сўмга Trailblazer LTZ AT ва 380 млн сўмга Isuzu D-MAX (IRBIS-AT) пикапи харид қилинган. Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан 14 сентябр куни 398 млн сўмга Traiblazer сотиб олинган.
Ушбу маълумотларни яна давом эттириш мумкин.
Мавзуга оид
09:51
Деҳқонобод тумани ҳокими ўринбосари тезкор тадбирда қўлга олинди
20:58 / 04.11.2024
Спорт соҳасида коррупциянинг олдини олиш чоралари кучайтирилади
22:02 / 22.10.2024
Украина бош прокурори «сохта ногиронлик» билан боғлиқ ҳолатлар учун истеъфога чиқди
21:55 / 22.10.2024