Жаҳон | 23:16 / 12.01.2026
1118
3 дақиқада ўқилади

Гуржистоннинг собиқ бош вазири Гарибашвили беш йилга қамалди

У Жиноят кодексининг ноқонуний бойлик орттириш, ноқонуний моддий фойда олиш ёки жиноий йўл билан топилган мулкка эгалик қилиш моддаси бўйича айбини тан олди.

Фото: РИА Новости

Гуржистоннинг собиқ бош вазири Ираклий Гарибашвили айбга иқрорлик тўғрисида прокуратура билан келишув тузди ва ноқонуний бойлик орттириш, ноқонуний моддий фойда олиш ёки жиноий йўл билан топилган мулкка эгалик қилиш моддаси бўйича беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда 12 январ куни Гуржистон бош прокуратураси маълум қилди.

Гарибашвилига қўшимча жазо сифатида бир миллион лари (тахминан 4,5 миллиард сўм) миқдорида жарима белгиланди. Шунингдек, тинтув давомида олиб қўйилган жиноий йўл билан топилган пул маблағлари давлат фойдасига мусодара қилинди.

«Гарибашвили содир этилган жиноятни тан олди ва процессуал келишув шартларига рози бўлди», дейилади прокуратура хабарида.

Судланувчи Рустави шаҳридаги 12-сонли жазони ижро этиш муассасасига жойлаштирилди.

Шу билан бирга, Гуржистон адлия вазири Паата Салия ҳукмни шарҳлар экан, ҳар қандай одам қонунга риоя қилиши шарт ва лавозим аҳамиятга эга эмаслигини таъкидлади.

«Айбланувчи ва давлат ўртасида келишувга эришилди, унга беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Албатта, бу жуда ачинарли факт, аммо шуни таъкидлаш керакки, Гуржистонда қонун ҳар бир фуқаро учун, у амалдорми, оддий фуқароми ёки бош вазирми, бундан қатъи назар, устувор ҳисобланади. Ҳар ким қонунга бўйсунишга мажбур ва бугун биз буни кўриб турибмиз. Ким айбдор бўлишидан қатъи назар, қонун бажарилиши керак», деди Салия.

Ираклий Гарибашвили 2013-2015 йилларда ва 2021 йил февралидан 2024 йил январигача Гуржистон бош вазири лавозимида ишлаган. 2019-2021 йилларда мамлакат мудофаа вазири бўлган. 2024 йил январ ойида бош вазир лавозимидан истеъфога чиққанидан кўп ўтмай, Гарибашвили «Гуржистон орзуси» партиясини бошқарди.

2025 йил октябр ойида Гуржистон бош прокуратураси унга жуда катта миқдордаги ноқонуний даромадларни легаллаштириш айбини қўйди. Тергов маълумотларига кўра, Гарибашвили бош вазир ва мудофаа вазири лавозимларида ишлаган вақтида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, ноқонуний даромад олган, кейинчалик уларни сохта битимлар ва оила аъзолари номига расмийлаштирилган мол-мулк орқали қонунийлаштирган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид