Ўзбекистон | 22:52 / 30.08.2020
53773
4 дақиқада ўқилади

Сўхлик блогернинг ҳибсга олиниши: унинг адвокати ва вилоят прокуратураси изоҳ берди

Май ойида Сўх туманида бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлар ортидан қўзғатилган жиноят иши доирасида бир нечта фуқаро ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди. Маълум бўлишича, улар орасида бош вазир билан учрашувда вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг истеъфосини сўраган блогер Дадахон Ҳайдаров (Ҳайдаржон Бобоҳайдаров) ҳам бор.

Блогернинг тўсатдан ғойиб бўлиб, бунинг ортидан отаси Gazeta.uz сайтига ўғли 22 август куни вертолётда, бошига қоп кийдирилган ҳолда олиб кетилганини айтгач, жамоатчиликда кўплаб саволлар пайдо бўлди.

Бош прокуратура Ҳайдаржон Бобоҳайдаровнинг ҳибсга олинганидан 8 кун ўтиб, бу ҳақда ахборот берди. Унда Бобоҳайдаров жиноят иши бўйича гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, ЖПКнинг 226-моддаси тартибида ушлангани айтилади.

Kun.uz мухбири Фарғона шаҳрида бўлиб, вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи ва блогернинг адвокати билан суҳбатлашди.

Ҳибс муддати суд ажрими билан 10 суткага узайтирилган

Фарғона вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Алишер Бобохўжаев ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.

«Шу йилнинг май ойида Сўх туманининг Чашма қишлоғида Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари ўртасида тўқнашув юз берган. Оммавий тартибсизликларнинг олдини олиш ва аҳолини тинчлантириш мақсадида ҳодиса жойига етиб борган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва ҳокимлик вакилларига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан фаол қаршилик кўрсатиш ҳолатлари содир этилган. Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилоят прокуратураси томонидан 2020 йил 1 июнь куни жиноят кодексининг 219-моддаси ва 244-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари давомида «Дадахон» тахаллуси билан танилган Ҳайдаржон Бобоҳайдаров оммавий тартибсизликлар вақтида фаоллик кўрсатиб, ҳокимият вакилларига қаршилик кўрсатишда иштирок этганлик ҳолатлари бўлгани сабабли ушбу фуқаро жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган ва ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Ушлаб туриш муддати жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг ажрими билан ЖПКнинг 226-моддаси тартибида 10 суткага узайтирилган. Ҳозирда Ҳайдаржон Бобоҳайдаровга айб эълон қилиш билан боғлиқ ҳолатлар текширилмоқда. Ушбу масала тергов ҳаракатлари давомида ҳал қилинади», – деди Алишер Бобохўжаев.

Дадахон Ҳайдаров

У гумонланувчининг ИИБ ходимлари томонидан бошига қоп кийдириб олиб келинганини рад этди. Шунингдек, унинг саломатлигидан шикоят келиб тушмаганини билдирди.

«Бобоҳайдаров Ҳайдаржон Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида сақланмоқда. Ҳибсхонада кузатув камералари ўрнатилган», – деди прокуратура расмийси.

Адвокат изоҳи

Ҳайдаржон Бобоҳайдаровнинг адвокати Ҳамидахон Абдуназарованинг сўзларига кўра, ҳимояси остидаги шахсга нисбатан тўпланган далиллар етарли эмас ва ҳозирча унга тақдим этилмаган.

Адвокат блогернинг яқинлари билан ҳимояга оид шартнома имзолагач, 29 август куни вилоят ИИБ ҳузуридаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида бўлиб, у билан суҳбатлашган. Абдуназарова шу суҳбатда олган маълумотлари асосида, жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида жалб этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган ҳолатлар ўз тасдиғини топмаслиги, Бобоҳайдаров ҳозирча ишда фақат гумон қилинувчи тариқасида иштирок этаётгани, унинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ процессуал тартибда расмийлаштирилган ҳужжатларда унга нисбатан бирор-бир қонун бузилиши ҳолати юз берганини аниқламаганини айтмоқда.

Шунингдек, адвокат блогернинг ҳибсга олинишига унинг Сўх воқеалари вақтида Бош вазирга вилоят ҳокимини лавозимидан олиш ҳақида таклиф киритганининг алоқаси йўқлигини, ҳимояси остидаги шахс бошига қоп кийдириб олиб кетилгани ҳақида ҳеч нарса демаганини билдирди.

Х.Абдуназарованинг қўшимча қилишича, ҳимояси остидаги шахс бирор тазйиқ ёки тан жароҳати етказишга оид ҳолатлардан шикоят қилмаган бўлса-да, ҳибсхонадаги ётоқ шароитидан нолиган: унга ётиши учун матрас берилмаган. Ҳибсхона маъмурияти эса буни ички тартибга мувофиқ икки қаватли ётоқнинг иккинчи қаватида ётадиганларга матрас берилмаслиги, уларнинг соғлигини сақлаш учун шундай йўл тутилиши билан изоҳлаган.

Прокуратура ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида жиноят ишининг бошқа тафсилотлари ошкор қилинмаслигини айтмоқда. Kun.uz воқеага алоқадор кейинги тафсилотларни ҳам бериб боради.

Мавзуга оид