Ўзбекистон | 07:59 / 11.10.2022
13648
3 дақиқада ўқилади

“Буни қанча тез қилсак, автомобил бозорида рақобат пайдо бўлади”. Президент электромобил тармоғини ривожлантириш лойиҳалари билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 10 октябрь куни электромобил тармоғини ривожлантириш ва хизмат кўрсатиш қамровини оширишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тақдимотда “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти раҳбарлари хорижий компаниялар билан эришилган келишувлар, ўзлаштирилиши кутилаётган моделлар ҳақида ахборот берди. Электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, қувватлаш станциялари тармоғини кенгайтириш, бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

– Электромобиллар кундалик ҳаётимизга жадал кириб боряпти. Импорт ошяпти. Нима учун? Чунки талаб бор. Бундай машиналарнинг харажати кам. Энг муҳими, одамларимиз шуни маъқул кўряпти. Шундай экан, халқимизга замонавий электромобиллар етказиб беришимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Электромобилларнинг юриш харажати оддий автомобилга нисбатан 10 баравар, табиатга зарари эса 3 баравар кам. Ривожланган мамлакатларда бундай транспортлардан фойдаланиш кўпаймоқда. Бунинг учун катта инфратузилма керак.

– Ҳар бир қароримизда бир йиллик эмас, ўн йилликларни кўзлашимиз керак. Экологияни инобатга олиб, келажакни инобатга олиб, бу тармоқни ҳозирдан ривожлантиришимиз зарур. Буни қанча тез қилсак, автомобил бозорида рақобат пайдо бўлади. Бошқа электромобил компаниялари ҳам келади, – деди Президент.

Соҳада тажрибага эга хорижий компания билан қўшма корхона ташкил қилиб, оммабоп электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Давлат раҳбари электромобилларнинг нархи арзон бўлиши кераклигига алоҳида эътибор қаратди. Бу эса бутловчи қисмларнинг маҳаллийлаштирилганлик даражасига боғлиқ. Электромобил таннархи 30 фоизини аккумулятор, 10 фоизини электр ўтказгичлар ташкил қилади. Литий, мис, графит каби хомашё захираларидан фойдаланиб, бундай қисмларни бемалол ўзимизда ишлаб чиқариш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, маҳаллий электромобил хариди учун олинган кредит фоизининг бир қисми қоплаб берилиши белгиланди.

Электромобилларга хизмат кўрсатиш тармоғини кенгайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Келгуси икки йилда жойларда икки мингта қувватлаш станциялари ташкил этиш вазифаси қўйилди. Бу станцияларга ҳам ер, мулк ва фойда солиғидан имтиёз қўлланилади. Тадбиркорларга қувватлаш станциялари орқали электрни эркин нархда сотиш ҳуқуқи берилади.

Бу тармоққа ихтисослашган мутахассислар тайёрлаш муҳимлиги ҳам таъкидланди. Турин политехника университетида электромобиллар бўйича илмий лаборатория ташкил этилиши, профессор-ўқитувчи ва мутахассислар Хитой, Германия, АҚШ, Корея каби давлатларга малака оширишга юборилиши айтилди.

Мавзуга оид