Ўзбекистон | 09:00 / 13.09.2023
9286
4 дақиқада ўқилади

СамДАҚУда янги ўқув йилига старт берилди 

Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остида янги ўқув йилига старт берилди.

Фото: СамДАҚУ

Университетда янги ўқув йилининг илк ҳафтаси 4-8 сентябр кунлари “Orientation week” яъни танишув ҳафталиги деб белгиланган бўлиб, танишув ҳафталиги доирасида 20 дан ортиқ илмий, ижтимоий ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Янги ўқув йили очилиш маросимида Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ректори Чидем Туркйилмаз хоним нутқ сўзлаб, барча ёшларни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллиги ҳамда талабалик бахтига муяссар бўлган талабаларни самимий табриклади. Талабаларга янги ўқув йилида янги марралар, юқори натижаларга эришишларини тилаб, ўқув йилини расман очиб берди.

Тадбирда сўз олган “Silk Road Research Academy” ижрочи директори Азамат Акбаров, Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Аброр Гадаев юртимизда сўнгги йилларда таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, таълим сифатида бўлаётган ўзгаришлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Маълумот учун ҳозирги кунда Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида 228 нафар профессор-ўқитувчилар, шу жумладан ўнлаб хорижлик мутахассислар 7106 нафар талабаларга дарс бериб келишмоқда. Жорий йилда 2441 нафар йигит-қизлар ушбу университетда талабалик мақомига эга бўлдилар. Уларнинг 2015 нафари кундузги, 360 нафари сиртқи, 62 нафари иккинчи олий таълимга ҳамда 4 нафари магистратура босқичига қамраб олинди.

Танишув ҳафталиги доирасида университетда дастлаб Мустақиллик дарсларидан бошланди. Унда факултетларда “Ватан озодлиги йўлида шаҳид кетганлар хотираси мангу барҳаётдир” мавзусида олиб борилди. Ушбу дарслар Истиқлол йўлида шаҳид кетган аждодларимизнинг хотирасига бағишланди. Кейинги кунларда ҳафталик доирасида “Ҳемис” ахборот портали ва кредит-модул тизими, илмий ҳамда амалий мастер-класс дарслари ва маънавий-маърифий клублар тақдимотлари ўтказилди.

Тақдимотлар орасида талабаларга энг қизиқарли бўлгани бу янги ўқув йилида университет ҳузурида янги ташкил этилган “Инкубация маркази” катта таассурот қолдирди. Марказ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 8-ноябрдаги “Архитектура-қурилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-416-сон қарори 10-бандига асосан ташкил этилди.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ёрдамида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ушбу марказнинг жиҳозланиши ва фаолиятини йўлга қўйиш учун 971 миллион сўм йўналтирилди.

Марказнинг асосий мақсади — Илмий ва инновацион лойиҳа ва ишланмаларни, “Start Up” ғояларни тижоратлаштириш ва хўжалик шартномалари ҳисобидан кўрсатиладиган хизматлар эвазига фойда олиш ҳисобланади.

Ҳозирги кунда марказда “Erasmus+: DSinGis” лойиҳалар маркази, “Master Plan” маркази, “Start Up” ва “Coworking” марказлари фаолият юритмоқда. Марказда талабаларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, 14 хил турдаги малака курслари ҳам ташкил этилди.

Шунингдек университетда янги ўқув йилидан Талабалар деканати таркибидаги “Талаба клублари” бўлими 2023/2024-ўқув йилидан ўз иш фаолиятини бошлади. Унда талаба ва профессор-ўқитувчиларнинг хоҳиш ва истакларидан келиб чиққан ҳолда тегишли йўналишлар бўйича бугунги кунда 31 та талаба клублари ташкил этилди.

Танишув ҳафталиги доирасида “Шоира ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Халқ маорифи аълочиси, Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Эл-юрт хизмати ордени” соҳибаси Хосият Бобомуродова билан ижодий кеча уюштирилди.

“Orientation week” танишув ҳафталиги доирасида ўтказилган тадбирлар университетнинг биринчи босқичига қабул қилинган талабаларда илиқ таассуротларни қолдирди.

СамДАҚУ Ахборот хизмати
Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид