Жамият | 21:38 / 04.03.2023
31106
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда СамДАҚУга текинга берилган кутубхона биноси қарийб бир миллиард сўмга сотиб юборилган

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги 74 йил аввал ташкил қилинган марказий кутубхона фаолияти тугатилаётгани ҳақида хабар тарқалди. Маълум бўлишича, кутубхона биноси сотиб юборилган.

Кутубхона 1991 йилда 50 минг жилдли илмий-техникавий, тарихий, бадиий ва бошқа адабиётлардан иборат фондга эга бўлган. Ҳозирга келиб, 17 минг китоб макулатурага, қолгани эса Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш университетига юборилаётгани айтилган.

Фото: Facebook / Анастасия Павленко 
Фото: Facebook / Анастасия Павленко 
Фото: Facebook / Анастасия Павленко 
Фото: Facebook / Анастасия Павленко 

«Макулатурага юбориладиган китоблар нафақат ижтимоий-сиёсий характерда, балки рус ва ўзбек тилидаги техник мутахассисликлар, математика, физика, география, биология фанларига оид. Юзлаб қимматли китоблар шунчаки чиқариб ташланмоқда, уларнинг биргина «айби» 1976 йилгача чоп этилгани!

«Бутун дунёда китоб қанча қадимлашса шунча қадри баландлаб, янада кўпроқ авайлаб сақланади. Биз эса шунчаки бундай бойликларни йўқ қиламиз», деб ёзмоқда таълим соҳасидаги кўплаб муаммоларни ёритиб келган педагог Исроил Тиллабоев.

Педагог кутубхона ерларини тадбиркорга бериб юборишга мораторий жорий қилиш таклифини билдирган.

Kun.uz мазкур ҳолат бўйича Булунғур тумани ҳокимлиги билан боғланди. Ҳокимликка кўра, ушбу кутубхона 2006 йил 20 июндаги президент қарори, Самарқанд вилояти ҳокимининг 2006 йил 26 июндаги 103-Қ-сонли ва Булунғур тумани ҳокимининг 2006 йил 21 августдаги 2822-Қ-сонли қарорларига асосан Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш университети балансига бепул ўтказиб берилган.

Кутубхона биноси е-auksion.uz сайти орқали 4777030-сонли лот билан савдога қўйилган ва 2023 йилнинг 16 феврал куни 996 126 400 сўмга сотилган.

Булунғур тумани ҳокимлиги Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш университетига кутубхонани туман ҳудудида сақлаб қолиш таклифини берганини айтмоқда. Бироқ институт маъмурияти мазкур филиални институт ҳудудида қайта ташкил қилиб, кутубхона ходимларининг бандлигини таъминлашни маълум қилган. Туман ҳудудидан ижара асосида бино ажратиш таклифи берилганда, институт ижара ҳақини тўлаб бериш имкони йўқлигини билдирган.

Кутубхона тақдири бўйича Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш университетидан ҳозирча изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Шу ўринда яна бир мисол. Ўзбекистонда нафақат олийгоҳларга текинга берилган кутубхоналар биноси сотиб юборилади, балки тадбиркорлар ўз ҳисобидан қуриб берган кутубхоналарни ҳам эплаб ишлата олишмайди. Масалан, Андижон вилояти Марҳамат туманида тадбиркор томонидан қуриб, халқ фойдаланиши учун текинга берилган замонавий кутубхона электр энергиясидан қарздорлиги сабаб фаолият кўрсатмаяпти.

Исомиддин Пўлатов

Мавзуга оид