Ўзбекистон | 10:39 / 05.03.2023
12312
3 дақиқада ўқилади

Фаолияти тугатилаётган кутубхонанинг барча китоблари ва ходимлар иш ўрни сақлаб қолинади – СамДАҚУ

Фото: Facebook / Анастасия Павленко

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ўз балансида бўлган Булунғур туманидаги кутубхона нега аукционга қўйилгани ва ёпилаётганига муносабат билдирди.

Университет ахборот хизматининг маълум қилишича, Булунғур туманида жойлашган АРМ филиали 2006 йил 20 июндаги ПҚ-381-сонли президент қарори асосида ташкил этилган бўлиб, яқингача СамДАҚУ ҳисобида бўлган.

«Булунғур шаҳрининг Амир Темур кўчасида жойлашган бир қаватдан иборат филиал биноси асосий деворлари хом ғиштдан қурилган. Бино пойдеворлари чўккан, том ёпмалари яроқсиз ҳолатга келган. Пол, шифтлар, эшик ва ромлар ҳам тўлиқ таъмирталаб ҳолатга келган. Бинонинг фойдаланиш муддати тугаган. Бино яроқсиз ҳолатга келгани, иситиш тизими ҳам қониқарсизлиги, мавжуд бинони капитал таъмирлаш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида тегишли ташкилотларнинг хулосаси берилган.

Юқоридаги хулосаларга таяниб университет раҳбарияти томонидан филиал биносини давлат-хусусий шерикчилик асосида қайта қуриш мақсадида юқори турувчи ташкилотларга расмий хатлар билан мурожаат этилган.

Ушбу бинонинг ҳолати қониқарсиз экани шу кунга қадар ОАВ томонидан ҳам бир неча бор ёритилган.

Бугунги кунда филиал биноси 18.03.2022 йилдаги ПҚ-168-сонли президент қарорига кўра иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий секторни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, давлат активларини шаффоф ҳолда хусусийлаштириш жараёнини тезлаштириш мақсадида қабул қилинган қарор билан университет балансидан чиқарилган.

Фото: Facebook / Анастасия Павленко 

Университет маъмурияти Булунғур туман ҳокимиятидан китобларни сақлаш ва Булунғур халқи ушбу китоблардан фойдаланиши учун туман ҳокимиятидан амалий ёрдам сўраган. Филиалдаги бино хоналарининг намлиги ўқув адабиётларни сақлаш ҳолатига жавоб бермаслиги туфайли туманда ахборот-коммуникациялар маркази қурилгунга қадар адабиётлар вақтинча туман тасарруфидаги бошқа бинога кўчирилмоқда.

Филиал фондида жами китоблар сони 30242 дона бўлиб, шундан янги китоблар сони 1141 донани ташкил этади. Ҳозирда адабиётлар инвентаризация қилинмоқда. Аммо мавжуд китобларнинг ҳеч бири макулатурага топширилмайди. СамДАҚУ барча адабиётлар сақлаб қолинишини кафолатлайди», дейилади СамДАҚУ муносабатида.

Университет шунингдек, Булунғур АРМ филиалида шу кунга қадар беш нафар кутубхоначи, бир нафар фаррош, бир нафар дурадгор, уч нафар қоровул фаолият юритиб келгани ва уларнинг штатлари сақланиши, ходимлар ўз ишини йўқотмаслигини маълум қилган.

Мавзуга оид