Жаҳон | 17:00 / 29.07.2018
26743
2 дақиқада ўқилади

Россияда ишламоқчи бўлган тожикистонликлар ўз фамилияларидаги қўшимчаларни ўзгартиришмоқда

Россияда ишлаш учун йўл олаётган кўпчилик тожикистонликлар ишга жойлашиш, расмий ҳужжатлар олишда муаммоларга дуч келмаслик учун фамилияларидаги қўшимчаларни ўзгартиришмоқда.
2007 йилда президент Эмомали Раҳмонов Эмомали Раҳмонга айлангач, қолган мансабдорлар ҳам ундан ўрнак олишди. Кейинчалик русча «ов/-ев» қўшимчаларидан воз кечиш ФҲДЁ органларида ихтиёрий-мажбурий тусга ўтди.

Ҳозирда эса бунинг акси кузатилмоқда.

«Мен Россияга ишлаш учун тез-тез бориб тураман. Шу пайтга қадар фамилиям «зода» қўшимчаси билан эди. Фамилиямни асло алмаштирмасдим, аммо фамилияси «зод» ёки «зода» қўшимчаси билан тугаган ҳамюртларим Россияда муаммоларга дуч келишмоқда. Полициячилар ҳужжатларимизда исм қайси, фамилия қайси эканлигини тушунмаяпти. Шунинг учун фамилиямни ўзгартирдим», - дейди Жасур исмли йигит. 

Тожикистон адлия вазирлиги мамлакатда фамилияларни русчалаштириш тақиқланмаганини билдирди.

«Бизда русча шаклдаги фамилия тақиқланмаган, аммо исм танлаш қоидалари ёзилган. Тожикистон мустақил бўлганига 27 йил бўлди, бизнинг ўз одат ва анъаналаримиз бор. «вич»,  «ов», «ев» қўшимчалари бизнинг анъаналаримизда йўқ», - деди адлия вазири Шоҳмурод Рустам.

2016 йилда Тожикистонда «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш» тўғрисидаги қонунга тузатишлар киритилган бўлиб, унга кўра исм-фамилиялар тарихий қадриятлар ва миллий маданиятга мувофиқ расмийлаштирилиши лозим. Барча исмлар Тожикистон ҳукумати тасдиқлаган рўйхатдан танланиши даркор.

Тайёрлаган:  Дилшод Аскаров

Мавзуга оид