Жаҳон | 20:25 / 02.06.2021
12921
2 дақиқада ўқилади

Мутахассислар жаҳон иқтисодиётини 2 бараварга ўстириш усулини айтишди

Фото: Анатолий Мальцев / EPA / ТАСС

Дунёда меҳнатга лаёқатли ёшдаги одамларнинг ярмига яқини бошқа давлатларга иш топиш учун кўчиб ўтишни истайди ва меҳнат миграцияси олдидаги тўсиқлар олиб ташланиши жаҳон ялпи ички маҳсулотини 2 баравар, яъни 95 трлн долларга ошириши мумкин. Бу ҳақда BCG компаниясининг таҳлилчилари ҳисоботида айтилган.

«Меҳнат миграцияси олдидаги тўсиқлар олиб ташланиши ўзгаришлар кўламига боғлиқ ҳолда, ҳар йил 15 трлн доллардан 95 трлн долларгача ижобий иқтисодий самара ташкил қилиши мумкин. Моҳиятан бу жаҳон ялпи ички маҳсулотини 2 баравар кўпайтиради», деб айтган эксперт Константин Полунин.

Жаҳон банки ва БМТ маълумотларига кўра, 2019 йилда жаҳон ЯИМ 87,735 трлн долларга баҳоланган. 2020 йилда бу кўрсаткич 4,3 фоизга қисқарган.

BCG маълумотларига кўра, ҳозирда 25га яқин давлатда малакали ишчилар талаб этилгандан кўпроқни ташкил қилади, 60дан кўпроқ давлат эса бундай ишчилар етишмаслигидан азият чекади. Охирги 10 йил ичида бошқа давлатларга кетган малакали муҳожирларнинг ярмидан кўпи 5тагина давлат – АҚШ, Британия, Германия, Канада ва Австралия ҳиссасига тўғри келмоқда.

BCG'нинг изоҳлашича, муҳожирлар йўлидаги тўсиқларга сабаб – маҳаллий аҳоли учун иш ўринлари қисқариши мумкинлиги хавотири ва малакали ходимлар хорижга кетиб қолиши билан боғлиқ. Бироқ тажрибанинг кўрсатишича, миграция оқимлари «истеъдодларни ҳам импорт қилувчи, ҳам экспорт қилувчи давлатлар» иқтисодиётини ривожлантириши мумкин.

Ҳисоботда таъкидланишича, муҳожирлар уларни қабул қилувчи давлатларда ишчи етишмаслиги муаммосига барҳам беради, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар товар ва хизматларига талабни оширади ҳамда шу билан иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, бундай муҳожирларнинг кўпи кейинчалик ватанларига қайтиб, ўз ишларини очади ва бу билан бошқаларга ўрнак кўрсатади.

Мавзуга оид