Самарқанднинг Пайариқ тумани Дўстлик маҳалласи. Бу ердаги чўпонлар ҳаёти тинч, аммо охирги йилларда “тинчлик” сўзининг маъноси ҳам ўзгариб кетди. Эндигина мактабни битирган Аҳрор иш излаб Россияга йўл олди. Бир неча ойдан сўнг унинг қамалгани, кейин урушга жўнатилгани ҳақида хабар келди. Яна бир муддатдан сўнг йигит қишлоғига қайтди... фақат тобутда.
Бу фақат битта оиланинг фожиаси эмас – Россия қамоқхоналаридаги минглаб ўзбек муҳожирлари тақдирининг ёрқин бир мисоли.
18 ёшли Аҳрор ҳаётда янги қадам ташлаётган пайтда йўлдан адашган эмас, у шунчаки тирикчилик излаб кетганди. Мактабни битириб, имтиҳондан ўтолмаган йигит “бир йил ишлаб, кейин ўқийман”, деган ниятда Россияга йўл олган.
Аҳрорнинг онаси Нигора Эргашева воқеани шундай ҳикоя қилади: “Ўғлим Россияда яхши ишлаб юрганди. Бир муддат умуман алоқага чиқмай қолди, қаттиқ хавотир олдик. Укам ҳам ишлашга бориб, танишлари орқали аниқлади: ўғлим қамалиб қолибди. Бу хабарни эшитиб, дунём қоронғи бўлди. Бундан ортиқ фожиа йўқ, деб ўйладим. Кейин билсам, бу ҳеч нарса эмас экан...
Россияга бориб, судда қатнашдим. Судда боламни бир марта қучоқлашга ҳам рухсат беришмади. Русларга ялиндим, Ўзбекистондан келдим, боламни бир марта қучоқлай, деб йиғладим. Кўз ўнгимда боламни калтаклаб олиб чиқиб кетишди”.
Бола 8 йилга қамалади. Изоляторда қийноққа солиниб, ўпкасини шамоллатиб қўяди. Қамоқда даволаш ўрнига, фақат оғриқ қолдирувчи дори берилади.
Адвокатлар учун сарфланган маблағ, судлар, сафарлар... бу оила шундоқ ҳам борини сотиб бўлганди.
“Охирги қорамолимизни ҳам сотдик, фақат боламни соғ-омон кўришни орзу қилардим. Комага тушиб қолганини эшитиб, пул жўнатиб юбордик”, – дейди Нигора опа.
Аҳрор икки ой деганда тузалиб чиқади, бироқ яна тез-тез изоляторга олинади...
Уруш машинаси тўхтамади…
Ота-она ўғлининг қамалишини уюштирилган деб ҳисоблайди.
Аҳрорнинг отаси Санжар Ҳамроев ўзи каби жабрланган кўплаб ота-оналар билан гаплашганини айтмоқда. Унинг хулоса қилишича, ўзбеклар қамоқда қўрқитиляпти.
“















