Ўзбекистон | 16:05 / 15.02.2023
10977
4 дақиқада ўқилади

Юкламаси меъёрдан ошган электр ва газ тармоқларига янги истеъмолчиларни улаш тақиқланди

Президент “Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ёқилғи-энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш ва бу борадаги жараёнларни рақамлаштириш мақсадида:

а) мавжуд электр ва газ тармоқлари ҳамда қурилмаларининг юкламаси белгиланган меъёрдан ошган тақдирда, уларга янги истеъмолчиларни улаш қатъиян тақиқланади;

б) 2023 йил 1 мартдан бошлаб:

назорат тадбирларини амалга оширишда тафовутларни аниқлаш мақсадида Ўзэнергоинспекцияга “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖларнинг электр энергияси ва табиий газни назорат қилиш ҳамда ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларидаги ёқилғи-энергия ресурслари истеъмоли тўғрисидаги маълумотларни мониторинг қилиш имконияти яратилади;

электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича тузилган далолатномаларни электрон шаклда расмийлаштириш ва тегишли маълумотларни “E-maʼmuriy ish” тизимига киритиш тартиби жорий этилади;

в) 2023 йил 1 июлдан бошлаб юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар билан электр энергияси ҳамда табиий газни етказиб бериш бўйича шартномалар электр ва газ таъминоти корхоналарининг дастурий таъминоти ёхуд "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда тузилиши белгиланди.

Бунда:

  • мазкур тартиб юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун ёқилғи-энергия ресурслари истеъмоли бўйича лимитларни белгилаш ва уларга ўзгартиришлар киритишга ҳам татбиқ этилади;
  • давлат буюртмачилари билан тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотлар давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталига автоматик равишда юборилиши таъминланади;
  • бюджет буюртмачилари билан тузилган шартномалар ғазначилик бўлинмаларида электрон шаклда (инсон омилисиз) рўйхатдан ўтказилади;

г) 2023 йил 1 октябрга қадар мавжуд электр энергияси ва табиий газни узатиш ҳамда тақсимлаш тармоқлари ва қурилмалари юкламаси ошиб кетишининг олдини олиш имкониятини яратиш мақсадида улар биоахборот тизимига киритилади ҳамда электр ва газ таъминоти корхоналарининг дастурий таъминоти ҳамда "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими билан интеграция қилинади.
  
Бунда, электр энергияси ва табиий газни узатиш ҳамда тақсимлаш тармоқлари ва қурилмалари мазкур тизимлар билан интеграция қилингандан сўнг электр ва газ тармоқларига уланишда уланиш нуқталари автоматлаштирилган тарзда инсон омилисиз танланади: 

д) 2023 йил 1 октябрдан бошлаб электр ва газ тармоқлари ва қурилмаларини қуришда лойиҳа ҳужжатларини ваколатли органлар билан келишиш тегишлича электр ва газ таъминоти корхоналарининг дастурий таъминотлари орқали аниқ муддатларда амалга оширилиши белгиланди.

Энергетика вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “UzGasTrade” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ билан биргаликда электр ва газ таъминоти корхоналарининг дастурий таъминотлари ишлаб чиқилиши ва ишга туширилиши ҳамда назарда тутилган техник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлайди.

Мавзуга оид