Ўзбекистон | 23:02 / 31.08.2020
8721
13 дақиқада ўқилади

Тошкентга ёндош ҳудудларда сув муаммоси қачон ҳал этилади? Вазирлик вакили билан суҳбат

Мамлакатнинг ривожланганлик даражаси аввало энг зарур бирламчи эҳтиёжлар қанчалик қондирилгани билан ўлчанади. Мамлакатимизда Тошкентдан чиқишингиз билан кўзга ташланадиган энг биринчи муаммолардан бири эса – ичимлик суви. Ҳатто пойтахт атрофларида ҳам бу масала тўла ҳал бўлмаган.

Хўш, бу муаммоларнинг ечими қандай? Тошкент шаҳрига ёндош ҳудудларнинг ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун нималар қилиняпти? Шу саволларга жавоб олиш учун Қодирия сув тақсимлаш марказида бўлиб, унинг қурилиши ва фойдаланишга топширилиши масаласида бош-қош бўлиб турган раҳбарлардан бири – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ва мониторинг қилиш бош бошқармаси бошлиғи Aзизбек Эркабоев билан суҳбатлашдик.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Қодирия сув тақсимлаш объекти қурилишидан мақсад – Тошкент вилояти Қибрай туманидан Зангиота туманигача ичимлик суви билан таъминлаш. Лойиҳа Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга ошириляпти, умумий қиймати 143,8 млн долларга тенг. Шундан 110,29 млн доллар – ОТБ ажратган маблағ.

Қодирия сув тақсимлаш маркази Бўзсув каналидан сувни олиб, Зангиотагача бўлган ҳудудга магистрал қувур орқали етказиб беради. Лойиҳа «Оби ҳаёт» компанияси томонидан, 9,5 гектар ҳудудда амалга оширилмоқда.

Ҳозирда 55-60 фоиз ишлар бажарилган. Объектни 2021 йил ўрталаригача битказишни режа қиляпмиз», – дейди Азизбек Эркабоев.

– Лойиҳалар кўп, олинаётган кредитлар ҳам. Aйниқса, ижтимоий соҳаларга кўплаб ташқи қарзлар жалб қилинмоқда. Бу объект қурилиши орқали қандай муаммо бартараф этиляпти?

– Халқаро молия институтларининг кредитини олишимиздан мақсад – биринчи навбатда инфратузилманинг тўла қурилишига эришиш. Шу билан бирга, хориж технологияларининг киритилишига эришамиз. Кўп жойларда қурилаётган объектларга пул етмай қолади ёки объект йилдан йилга қолиб кетади. Бу лойиҳада ундай муаммо бўлмайди. Яъни битган объектга ўзининг ҳисоб рақамларини берса, пулни хориж банклари – Осиё тараққиёт банки бўладими ё бошқа – пудратчига тўғридан тўғри ўтказиб беради.

Хориж кредитини олишимиздан яна бир мақсад – инвестицияни кенг жалб қилишдир. Инвесторларни жалб қилиш учун эса унга шароит яратиб бериш керак. Инвесторга шароит яратмасдан туриб, уларни жалб қилиш муаммо. Яъни бирламчи ичимлик суви таъминоти, оқова сув хизматлари, йўллар, коммуникацияларни таъминлаймиз ва яхши шароит бўлса, инвестор ҳам келади.

Бундан ташқари, аҳолининг турмуш тарзи яхшиланади, тадбиркорликни ошириб борамиз. Сув таъминоти жуда кўп соҳа ривожланишига туртки бўлади.

Азизбек Эркабоев

– Бу лойиҳа билан қайси ҳудудлар қамраб олинади ва аҳолига қандай қулайликлар яратилади?

– Тошкент вилоятига ичимлик суви ва оқова сув масаласида илгари хориж инвестицияси кириб келмаган. 2017 йилда президент қарори билан Тошкент вилояти учун бошланган лойиҳа шу бўлди. Лойиҳа Қибрай, Тошкент ва Зангиота туманларини қамраб олади. 300 мингга яқин аҳолини ичимлик суви билан таъминлайди.

Биз бу билан тўхтаб қолмасдан, Осиё тараққиёт банки билан иккинчи лойиҳани бошлаганмиз. Бу – Янгийўл ва Чиноз туманларини ичимлик суви билан таъминлашдир.

Бизнинг ҳисобимизга кўра, бутун республикани ичимлик суви билан таъминлаш учун 7 миллиард долларга яқин пул керак. Бу лойиҳаларни 1-2 йилда бажариш қийин. Шунинг учун биз уларни босқичма-босқич амалга ошириб боряпмиз.

Ҳозирда лойиҳанинг учинчи босқичи учун ҳам техник ва иқтисодий асослар ишлаб чиқилган. Бу ҳужжатлар Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлигига экспертиза хулосасини олиш учун киритилган. Унда Тошкент вилоятининг 7 шаҳри: Олмалиқ, Aнгрен, Оҳангарон, Чирчиқ, Бекобод шаҳарларидаги оқова сув тизими тўла-тўкис ҳал этилади.

Бундан ташқари, биз Пскент туманига Европа инвестиция банки маблағларини киритяпмиз. Оқова ва ичимлик суви муаммосини Юқори Чирчиқ тумани Паркент туманларида ҳам ҳал қилиш учун Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорлик режалаштирилган.

Тўртинчи қисмда ҳам Осиё тараққиёт банкини жалб қилиш бўйича музокаралар олиб бориляпти.

Чеккароқ ҳудудларда қувур тортилган-у, сув йўқ ёки қай биридадир авария содир бўлган-у, уни тузатадиган ташкилот келмаяпти. Шунга ўхшаш муаммолар етарлича. Яъни иншоот қурилган-у, унга жорий хизмат кўрсатиш масаласида муаммолар мавжуд.

– Ҳақиқатдан, бундай камчиликлар мавжуд. Бунга ура-урачилик ёки тезроқ муддатда тугатиш сабаб бўлган. Буни тан оламиз. Энди шу муаммолар ҳисобга олиниб, лойиҳаларда халқ депутатлари таклиф берадиган бўляпти. Бундан ташқари, лойиҳани амалга ошираётганимизда ижтимоий назорат – депутатлар ёки аҳолининг ўзи бохабарлигини йўлга қўямиз. Лойиҳанинг қандай бажарилаётганини назорат қилиб туришга аҳолининг ҳаққи бор.

Шунингдек, лойиҳанинг тугашида қандай натижага эришганимизни ҳам аҳоли, ҳам қурувчи компания кўриб чиқади. Европада шундай лойиҳани амалга оширишдан олдин мутасадди тарафларнинг лойиҳада қатнашиши режа қилиб олинади ва шу режа асосида лойиҳа мониторинг қилиб борилади.

Маълум бир ҳудудда лойиҳани амалга оширишдан олдин ҳар бир пудратчи ўша ҳудудга қурилиш бошлашдан аввал тақдимот ўтказади. У презентациясида қандай лойиҳа бўлиши, қуввати қандай бўлиши ва бошқа деталларни кўрсатиб беради.

Бу объектнинг ноёблиги нимада?

– Объектнинг бошқалардан фарқи – биз сувни тиндирамиз. Сув ишлаб чиқариш масштабидаги фильтрдан ўтказилиб, сақлаш иншоотига узатилади, у ерда хлорлари туширилиб, насосларда узатилади. Aсосий фарқ – катта фильтр қўлланилаётганида. Олдинлари бетони қотмасдан ҳамма нарсасини қўйишга тўғри келарди, чунки озгина дарз кетса ҳам, ўша жойдан ёрилиб кетиши мумкин. Бу ерда эса деворлар икки қаватли бўлади, ҳар 15 сантиметрда темир арматура – панжара ишлатяпмиз, биринчи қават қоришмаси қотганидан кейин иккинчи қаватига ўтамиз. Бу кейинчалик иншоот бузилиш хавфини камайтиради.

– Бу охирги технологиями?

– Жуда охирги эмас, аммо қўлланилаётган технология.

– Ҳажми ва ишлаб чиқариш қуввати қанча?

– Иншоот жами 8 минг тонна сув сақлайди. Шунингдек, бу ерда захира варианти, авария ҳолати бўлиб қолганда ишлатиладиган вариант ҳам ўрганиб чиқилади.

Бу иншоот битказилса, қанча аҳоли пунктига сув етказиб берилади?

– Ҳисоб-китобларимизга кўра, 58та аҳоли пунктига ичимлик суви етказиб берилади. Биласизми, баъзи ёндош ҳудудларнинг бирига сув бориб, иккинчисига бормаслиги мумкин. Бир мартада ҳамма жойни қамраб олиш қийин, сув етиб бормаган жойларга кейинги босқичда сув етказилади.

Маълум бир ҳудудга сув бориб, бошқасига бормаса, аҳоли ўзи ноқонуний қувур тортиб, сувдан фойдаланиш ҳоллари кўпайиши мумкин...

– Ҳар бир лойиҳа аввало моделлаштирилади. Босим маълум бир нуқталарга чиқиб бориши ҳисобга олинади. Маълум ҳудудга сув боради, ундан у ёғига чекланган. Шунинг учун қўшимча қувур улаб олишнинг иложи бўлмайди.

Шундай ҳолатларга қандай чора кўриш мумкин? Уйма-уй юриш ёки ҳар бир жойни кавлаб чиқишнинг иложи йўқ.

– Ўтган йили мутахассисларимиз Исроилга бориб, амин бўлдики, аҳоли болаларига боғчадан сувнинг қадрини ўргатади. Aҳоли сувни тежаб ишлатса, бошқаларга ҳам етади. Aгар сув етарли бўлса, бошқаларга ҳам тортиб берамиз.

Аҳолининг сув кутиб яшаётган қисмига нима дея оласиз?

– Ишонтириб айтаманки, уларга ҳам сув етиб боради, лойиҳаларни амалга оширамиз. Режамиз кўлами кенг: Қорақалпоғистон Республикасидан Aндижонгача қамраб олганмиз. Уларга ҳам ичимлик сувини етказиб берамиз. Авваллари ичимлик суви таъминотига ҳозиргидек катта эътибор берилмаган. Ҳозир лойиҳаларни халқаро молия институтлари кўмагида комплекс тарзда амалга оширяпмиз.

– Жисмоний ва юридик шахслар ишлатилган сув учун пул тўлайди, шундай экан, нега ташқаридан қарз оламиз?

– Ўртача диаметрли қувурнинг 1 километри Ўзбекистонда 417 миллион сўмни ташкил қилади. Худди шу нарсани Туркиядаги шерикларимиздан олсак, 596 миллион сўм бўляпти. Латвиядан олганимиз эса 728 миллион сўмга боряпти.

Вақт ўтиб, насос ёки қувурлар эскириши мумкин. Буларни алмаштириш учун орада ташкилотнинг маблағи етмай, кредит олишга мажбур бўляпмиз.

Кредитлар ўртача 18 йилга олинади. Кредитни етарлича олиш хавф туғдирмайди. Яъни бу – соҳага қилинган инвестиция. Кейинчалик иншоотлар ўзини-ўзи қоплаш даражасига чиқади ва кредитлар аста-секин ёпиб борилади.

– Лойиҳага илк қадам 5 йил олдин ташланган бўлса, ҳалигача ичимлик суви нега келмаётганини билишни истаётган одамларга нима дея оласиз?

– Лойиҳага тамал тоши қўйилди, дегани, у жуда тез битади, дегани эмас. Бунинг процедураси узоқ. Дастлаб Вазирлар Маҳкамаси қарори чиқади, кейин тендер савдоларини эълон қилиб, лойиҳачи ташкилот танлаймиз. Тендер савдолари, мураккаблигига қараб, 4 ҳафтадан 8 ҳафтагача вақт давомида ўтказилади.

Шундан сўнг бизга иштирокчиларнинг шорт-листи келади, уларнинг ичидан маъқул ташкилотни танлаб оламиз. Кейин уларга техник ҳужжатлар берамиз. Уларнинг тайёрланишига ҳам бир ярим ой кетади. Лойиҳачи ташкилот танланиши учун 4 ойдан 6 ойгача вақт кетади.

Лойиҳачи иншоотни бир-бир ярим йил лойиҳалаштиради. Кейин биз техник назорат олиб борадиган халқаро компания танлаймиз. Унинг назоратидан сўнг қурувчи компания танланади. Бу жараён ҳам 4 ойча вақтни олади. Булар – тез ва шошиб бажариладиган ишлар эмас.

– Мана бу Қодирия иншоотида бошланган лойиҳа қачон тўлиқ якунига етади?

– Икки йилдан сўнг.

– Бундай қурилишлар катта маблағлар, демакдир. Тежамкорлик масаласига ҳам тўхталсак.

– Тендерда максимал даражадаги маблағни оламиз. Энг юқори сифатдаги қувурлар ишлатяпмиз. Ҳозир ҳаммаси ўзимизда чиқяпти.

Бу ерда насослар масаласи ҳам бор. Маҳаллий ёки хорижий насослардан қай бирини танлашни пудратчи ихтиёрига топширамиз.

Танловда қайси омил устувор?

– Биринчи ўринда биз аҳамият берадиганимиз – бу нарх. Яъни пудратчи ташкилот иншоотни қанча миқдордаги маблағга битириб беради. Кимдир шартли равишда миллиард сўмни айтса, бошқа 100 миллиард ҳам дейиши мумкин. Биз ўта арзон нархга ҳам учмаймиз – бу шубҳали. Реалликдан узоқ бўлган қиммат сметани ҳам танламаймиз.

Кейинги масала эса ўша қурувчи ташкилотнинг обрўси – у аввал қурган объектларини қандай топширган, қандай баҳога эга ва ҳоказо. Бу борада ҳушёрмиз. Лойиҳани нотўғри танланган пудратчи ташкилот орқали хавфга қўйиш ярамайди.

– Хорижий инвесторлар иштироки-чи?

– Тендерларимизда улар ҳам қатнашади. Бу халқаро молия институтларининг талаби. Aгар ҳақиқатда улар бизга керакли нарх-наво, техникаларини берса, албатта, уларни танлаймиз.

Хорижликларнинг устунлиги борми ёки ўзимизникиларнинг? Фойдаси-чи?

– Ўзимизникилар ишласа, биз учун яхши. Чунки аҳоли иш билан таъминланади, солиқларни шу ерда тўлайди, қисқаси, ҳар томондан ютамиз.

Биз Халқаро молия институтлари эътиборини ва кўламини кенгайтирдик. Қайсидир маънода бюджетга бўладиган юкни камайтириш ҳаракатидамиз. Охирги 3 йил ичида бизда халқаро молия институтлари кўлами ошиб кетди: Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки, Франция тараққиёт агентлиги, Япония халқаро кооперация агентлиги (JICA), Aраб мувофиқлаштириш гуруҳига кирувчи бир қатор жамғармалар (Саудия тараққиёт фонди, Кувайт, Бирлашган Араб Амирликлари), Ислом тараққиёт банки…

Бундан ташқари, Бухоро вилоятини тўла-тўкис ичимлик ва оқова сув билан қамраб олишни режа қиляпмиз. Ўтган йили Осиё инфратузилма инвестиция банки билан музокаралар олиб бордик. 427 миллион доллар қийматга эга, Бухоро вилоятининг 65 фоизини қамраб оладиган лойиҳа бошлаяпмиз. Ушбу лойиҳа учун Осиё инфратузилма инвестиция банки 385 миллион доллар берса, қолганини солиқ ва божхона имтиёзлари орқали ёпмоқчимиз.

Сув етказиб берилгандан кейин, у қайта қабул қилиб олинади ва оқова сифатида шаҳарнинг бошқа қисмига чиқарилади. Мавжуд қувватлар бу қўшилаётган босимга дош бера оладими?

– Дош бера олади. Бу нарсани Тошкент вилояти шаҳар ва туманларнинг ичимлик ва оқова сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилишнинг учинчи фазасида ва Чиноз ҳамда Янгийўлдаги лойиҳаларимизда давом эттирамиз.

Суҳбатимизга якун ясаш асносида истеъмолчиларга мурожаатингиз.

Биринчи навбатда, сувни қадрлашларини сўраган бўлардим. Сув эртами кечми тугаш хавфи бор – у битмас-туганмас эмас. Aҳолидан сув ҳам чекланган ресурс эканини инобатга олиб, сувни тежаб ишлатишларини сўраган бўлардим.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.

Тасвирчи – Муҳаммаджон Ғаниев.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид