Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ижтимоий тармоқларда “Мусодара товарлар” номли сохта гуруҳлар ташкил этиб, фирибгарлик қилган шахслар ушланди
Жиноий гуруҳ Telegram ва Instagram’да Божхона қўмитаси номидан сохта канал ва гуруҳлар очиб, фуқароларнинг пулларини ўзлаштириб келган. Улар гўёки мусодара қилинганини айтиб, аслида мавжуд бўлмаган турли товарларни жуда арзон нархларда таклиф қилган. Харид учун амалга оширилган тўловларни эса банк карталар орқали қабул қилиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Фото: Тошкент вилояти ИИББ
Telegram ва Instagram’да сохта гуруҳлар ташкил этиб, одамларни чув тушириб келган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент вилояти ИИББнинг Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари томонидан навбатдаги тезкор-қидирув тадбири ўтказилган. Унда Telegram ва Instagram’да Давлат божхона қўмитаси номидан сохта канал ва гуруҳлар очиб, фуқароларнинг пулларини ўзлаштириб келган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинган.
Дастлабки суриштирувларга кўра, Андижон вилоятида яшовчи 22–25 ёшли 5 нафар шахс жорий йил бошида жиноий режа тузиб, Telegram ва Instagram’да божхона тизими номидан “Мусодара товарлар” ва “Оптом склад” номлари остида канал ва гуруҳлар ташкил этган. Шунингдек, гуруҳларда “Божхона қўмитаси админи”, “Ишонч сиз билан” каби ўнга яқин сохта аккаунтлар орқали ўзларини гўёки тизим ходимлари сифатида таништирган.

Улар маиший техника, музлаткич ва телевизорлар, иситиш қозонлари, ошхона ва болалар мебеллари, турли гаджетлар, жумладан, iPhone телефонларининг сўнгги моделлари ҳамда кийим-кечакларни жуда арзон нархларда таклиф қилиб, аслида мавжуд бўлмаган мотоскутерларгача етказиб беришни ваъда қилган. Тўловларнинг маълум қисми эса ўзгаларнинг номига расмийлаштирилган банк карталар орқали қабул қилинган.

Жиноий гуруҳ аъзолари дастлабки терговга қадар жами 60 нафар фуқаронинг ишончига кириб, фирибгарлик йўли билан 117 млн сўмни ўзлаштирган. Пулларни эса шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборишган. Маҳсулотни талаб қилган ёки қайта алоқага чиққан жабрланувчилар эса жавобсиз қолдирилиб, ижтимоий тармоқларда “қора рўйхат”га киритилган.

Ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б, г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, фуқароларга етказилган моддий зарарларни қоплаш чоралари кўрилмоқда.
Мавзуга оид
20:50 / 06.01.2026
“Credit House” иши бўйича зарар суммаси ҳануз аниқ эмас – суддан репортаж
12:50 / 29.12.2025
Bild: Германияда виза фирибгарлиги ҳолатлари икки бараварга ошди
11:30 / 29.12.2025
Ўзини дистрибьютор деб танитган Хайрулло Шокиров йирик миқдордаги фирибгарликда гумонланмоқда
14:57 / 26.12.2025