Жамият | 16:49 / 09.08.2022
16147
5 дақиқада ўқилади

Хавфли нуқта: ёввойи тартиб-қоидалар амал қиладиган мардикор бозорлар ҳақида

Ёнғин келиб чиқиш хавфи бор ҳудудларга доим эҳтиёткор муносабатда бўламиз, яъни унинг олдини олишга қаратилган чораларни кўрамиз. Жамиятдаги у ёки бу муаммолар масаласида ҳам шундай йўл тутилади. Тўғрироғи, тутилиши лозим.

Фото: Kun.uz

Журналистлар жуда кўп қаламга олган «мардикорлар бозори» ҳам худди шундай, ҳар лаҳзада «ёнғин» келиб чиқиш хавфи мавжуд бўлган ҳудуд эканлигини бу ерга борган инсон жуда яхши билади. Бу масканда жамият қоидаларидан кўра, кўпроқ бозор, тўғрироғи, ибтидоий қоидалар ишлайди. Ким кучли, кимнинг овози баланд бўлса — ўша ғолиб бўлади ва бозорни ўз қўлига олади. Бир қараганда адолатли, аммо бир қарасанг, ноҳақликнинг энг чўққиси яшнайдиган бу жамиятда яшаб қолишнинг ўзи осон эмас.

Бу ҳақда қарийб ҳар йили мақолалар берилади. Халқаро тажрибалардан келиб чиққан ҳолда жиддий таклифлар билдирилади. Ўтган йиллар давомида бирмунча ўзгаришлар кузатилган бўлса-да, аммо мардикор бозорларида иш тартиби, одам ёллаш ва ишлаётганларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳамон ўша-ўша.

Самарқанд туманида жойлашган мардикор бозорида юзага келган тортишув ва унинг натижасида икки нафар аёлнинг калтаклангани ҳақида кўпчилик эшитди. Воқеа тафсилотларига тўхталиб ўтмоқчи эмасмиз. Ҳеч қандай сабаб воқеанинг бундай тус олишига изн бермайди. Афсуски, ибтидоий қоидалар билан яшайдиган ушбу «бозор»да жанжаллар ҳам шу йўл билан ҳал этиб қўя қолинганини кўпчилик тушуниб турибди.

Калтакланган аёллар билан боғлиқ тафсилотлар орасида уларнинг асли пастдарғомлик, айни пайтда Самарқанд шаҳридаги Кимёгарлар қўрғонида истиқомат қилиши айтилган. Афсуски, воқеа ижтимоий тармоқларни «портлатган» бир пайтда ҳам на Самарқанд шаҳар ва на Паст Дарғом туман оила ва хотин-қизлар бўлимининг хотин-қизлар билан ишловчи мутасаддилари ҳолатга муносабат билдира олди.

Вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси раҳбари Зебинисо Раҳмонова бу ҳақда ўз фикрини айтиб, аёлларнинг калтакланишига қарши эканлигини маълум қилди. Аммо нега аёллар билан тўғридан тўғри ишлаши лозим бўлган туман, шаҳар мутасаддилари улар билан суҳбатлашгани, уларнинг аҳволи ўрганилгани борасида бирор сўз демагани кишини ўйлантиради.

Фақатгина ички ишлар идоралари вазият назоратга олинди, дея ўз муносабатини билдирганини ҳисобга олмаганда, бошқа жиддий муносабат кўрмадик. Ваҳоланки, кейинги пайтларда Самарқандда бундай ҳолатлар бир эмас, бир неча марта такрорланди.

Аёл кишининг калтакланиши билан боғлиқ ҳолат Иштихон туманида рўй берган, афсуски, бу масалада ҳам ушбу идораларнинг сукут сақлаганига гувоҳ бўлгандик. Буни қарангки, бу ҳолатда ҳам меҳнат ҳуқуқлари бузилиши жанжалга асосий сабаб эди.

Умуман олганда, меҳнат ҳуқуқлари юқорида таъкидланганидай, ушбу бозорда исталганча бузилиши мумкин. Биринчидан, эртадан кечгача ишлаш баробарида пулини ололмай қолиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Шунинг ўзи бу ерда ҳар қадамда хавф мавжудлигини англатади. Энг ёмони, уларнинг тинимсиз меҳнати стажга киритилмайди. Гарчи шундай қийинчиликлар кузатилса-да, мардикор бозоридагилар айнан шу ердан нон топишни истайди.

— Чунки бизга таклиф этилаётган ишларнинг ойлик маоши 1,5–2 миллион сўмни ташкил қилади, — дейди мардикор бозоридан иш изловчи аёл. — Биз бу пул билан оиламизни қандай тебратамиз? Бир ёқдан турмуш ўртоғим бўлиб, у ҳам оилани боқаётган бўлсаки, майли, қўшимча даромад, деб шу маошга рози бўлсам. Лекин уч нафар боламни бу пул билан боқолмайман-да.

Бугун мардикор бозорида, одам ёллаб ишлатадиганлар яхши билади, уларнинг кунлик иш ҳақи анча ошган. Қолаверса, улар илгаригидай, нима десангиз кўниб, барча ишга бўйин эгиб кетавермайди, ўзига яраша талаблар қўяди, агар бажармасангиз, сиз билан хайрлашиб қўя қолади. Ўз ҳақини етарлича талаб қилади.

Лекин бу — жамият шундай бозорни сақлаб туриши керак, дегани эмас. Аллақачон унинг замонавий шаклига ўтиш фурсати етди. Бу табиийки, битта-иккита идоранинг ваколати билан битадиган иш эмас. Масалага ҳукумат даражасида, жиддий ислоҳ талаб этадиган тарзда ёндашув лозим. Шундай бўлмас экан, у ҳудуд мудом «ёнғин» хавфи мавжуд ўчоқ бўлиб қолаверади.

Инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ҳодисалардан тортиб, энг ёввойи тартиб-қоидалар амал қиладиган ва бир куни унинг оқибатлари бутун жамиятга доғ бўлиб тушадиган ҳолатларгача.

Гулрух Мўминова, журналист

Мавзуга оид