Жаҳон | 22:21 / 20.09.2023
17081
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон ўз суверенитетини тиклади — Илҳом Алиев 

Мамлакат президенти Қорабоғда «душман қурол-яроғи ва техникасининг кўп қисми» ишдан чиққанини эълон қилди. 

Фото: Getty Images

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев фуқароларга мурожаат қилиб, мамлакат армияси Қорабоғдаги 24 соатлик операция давомида «барча мақсадларига эришганини» айтди. 

«Озарбойжон ўз суверенитетини тиклади. Душман қурол-яроғи ва техникасининг кўп қисми ишдан чиқди» деди Илҳом Алиев. 

Унинг таъкидлашича, Арманистон армиясига тегишли юздан ортиқ танк, бронетехника ва зирҳли транспортёр, электрон уруш ускуналари, икки юздан ортиқ тўп ва артиллерия қурилмалари ва энг янги зенит қурилмалари Озарбойжон ҳудудида ноқонуний жойлаштирилган. 

«Мураккаб рельеф шароитида, кўп йиллар давомида амалга оширилган кенг кўламли муҳандислик ишлари натижасида душман томонидан қурилган истеҳкомлар бўлишига қарамай, душман позициялари қирларда ва қулай жойларда жойлашганига қарамай, ҳарбийларимиз қисқа муддатда қаҳрамонлик ва профессионаллик кўрсатиб, барча йўналишларда муҳим ҳарбий ютуқларга эришди. Арманистон томонидан Озарбойжон ҳудудларида ноқонуний жойлаштирилган ва Арманистон мажбуриятларига қарамай, ҳалигача олиб чиқилмаган армиянинг муҳим қисми бутунлай йўқ қилинди. Ҳарбий техникалар ҳам йўқ қилинди ва яроқсиз ҳолга келтирилди», деди Озарбойжон президенти. 

19 сентябр куни Озарбойжон Қорабоғда маҳаллий аксилтеррор тадбирларини бошлаганини эълон қилди. 20 сентябр куни ўзини «мустақил» деб эълон қилган ва тан олинмаган Қорабоғнинг арман маъмурияти ўт очишни тўхтатиш, тўлиқ қуролсизланиш ва оғир техникаларни Қорабоғ ҳудудидан олиб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилди. 

Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги Арманистон можарога аралашмоқчи эмаслигини маълум қилди. Ереван Озарбойжонга қарши ҳарбий амалиётлар бошлаш ниятида эмас, деди Арманистон бош вазири Никол Пашинян. Унинг сўзлари Ереванда норозилик намойишлари бошланишига сабаб бўлди.

Мавзуга оид