Ўзбекистон | 21:47 / 26.08.2024
16115
2 дақиқада ўқилади

Истанбулдан Самарқандга учаётган самолёт Туркияда фавқулодда қўнишни амалга оширди

«Qanot Sharq» авиакомпаниясининг HH572 рейси билан Истанбул – Самарқанд йўналишида учган Airbus А320 учоғи (борт рақами UK32031) Туркия осмонида бортида авариявий ҳолат содир бўлгани учун йўлидаги энг яқин захира аэропорти — Амася вилоятидаги Мерзифон аэропортига қўнган.

Фото: airliners net

“Новости Ташкентского неба” споттерлик каналининг ёзишича, Туркия осмони бўйлаб экипаж парвоз чоғида “7700” жавоб бериш кодини эълон қилган. Бу код самолёт саҳнида авариявий ёки бошқа штатли бўлмаган вазият содир бўлганини англатади. Шундан сўнг самолёт Мерзифон аэропорти йўналишида пастлай бошлаган.

Самолёт Истанбул аэропортидан маҳаллий вақт билан 16:52 да парвоз қилган. Самарқандга режа бўйича 23:10 да қўниши кутилаётганди. Худди шу самолёт 27 август куни соат 01:10 да Санкт-Петербургга парвоз қилиши лозим эди. Энди бу рейс ҳам кечиктирилади.

Авиакомпания расмий сайтида инцидент борасида бирор расмий хабар берилмаган.

Қайд этиб ўтиш керак, мазкур самолётнинг ёши 17,6 йил бўлиб, аввал Air Berlin Берлин (Германия), Belair (Швейцария), Interjet (Мексика) каби авиакомпанияларда парвоз қилган. 2021 йилнинг июнидан “Qanot Sharq” авиакомпанияси фойдаланмоқда.

“Qanot Sharq” авиакомпанияси ҳисобида жами 6 та самолёт бўлиб, уларнинг иккитаси эскироқ Airbus А320, иккита яп-янги Airbus А321 neo самолётларидир. Бундан ташқари иккита Airbus А330-200 самолётлари “Uzbekistan airways” авиакомпаниясига лизингга берилган.

Аввалроқ «Аэрофлот» авиакомпаниясининг Тошкентдан Москвага учган самолёти техник носозлик туфайли аэропортга қайтгани маълум қилинган эди.

Мавзуга оид