Жаҳон | 20:39 / 16.09.2024
15947
2 дақиқада ўқилади

Эстониялик акробат тарихда илк бор Осиёдан Европага тортилган троссдан юриб ўтди

Слэклайн бўйича уч карра жаҳон чемпиони акробат Яан Роозе Босфор бўғози устидан тортилган 1 километрдан ортиқ узунликдаги дордан юриб ўтди.

Фото: Anadolu Agency

Слэклайн бўйича уч карра жаҳон чемпиони акробат Яан Роозе Туркияда Босфор бўғози устидан тортилган дордан юриб ўтди. Ушбу дор йўлининг узунлиги 1 километрдан ошди, деб ёзади Hürriyet газетаси.

Яан Роозе Осиёдан Европага тортилган 1100 метрли арқон устидан юриб ўтган дунёдаги биринчи инсонга айланди. Арқон Босфор кўпригининг таянчлари орасига, ердан 165 метр баландликка маҳкамланган.

Слэклайн бўйича уч карра жаҳон чемпиони мувозанатни ушлаб қолишга ёрдам берадиган махсус воситаларсиз белгиланган масофани 47 дақиқада босиб ўтган.

«Босфор икки қитъани бирлаштирибгина қолмай, у минг йиллик тарихий ва маданий аҳамиятга эга, шунингдек, унинг табиати жуда гўзал. Буларнинг барчасини ўзгарувчан об-ҳаво шароити ва кучли денгиз оқими билан бирлаштирадиган бўлсак — бу слэклайнинг учун ноёб жой. Мен тарихга кирдим, шу сабабли жуда бахтлиман», — дейди акробат.

28 ёшли эстониялик Яан Роозе — сайёрада слэклайн бўйича энг кўп мукофотларни қўлга киритган спортчи ҳисобланади. Июн охирларида у Эстониядаги Эмайиги дарёси қирғоқлари узра тортилган дордан юриб ўтган эди.

Маълумот учун, слэклайн — иккита стационар объект орасида тортилган тросс орқали эҳтиёт мосламаси ёки усиз юриб ўтиш бўйича экстремал спорт тури ҳисобланади.

Мавзуга оид