Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бин Салмоннинг АҚШга ташрифи: мудофаа, сунъий интеллект ва ядровий масалалар кун тартибида
Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон – журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилганидан етти йил ўтиб, илк марта Оқ уйга келмоқда. Қиролликнинг де-факто раҳбари АҚШдан Қатардаги каби хавфсизлик кафолатлари ва AI технологиялари бўйича келишув излаяпти.
Доналд Трампнинг Ар-Риёдга ташрифи. 13 май 2025 йил / Фото: Reuters
18-19 ноябр кунлари Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон АҚШга ташриф билан келмоқда. У Оқ уйда президент Доналд Трамп билан нефть ва хавфсизлик бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш масаласини гаплашади. Reuters нашри Бин Салмоннинг ташрифи давомида кўриб чиқилиши кутилаётган масалаларга тўхталди.
Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши ва Муҳаммад бин Салмон
Унинг ташрифи АҚШ ОАВларида йирик мавзуга айлангани бежиз эмас. 2018 йил октябрь ойида Истанбулдаги Саудия Арабистони консулхонасида қиролликнинг танқидчиси бўлган журналист Жамол Қошиқчи ўлдирилган эди.
Саудиялик таниқли журналист Жамол Қошиқчи 2017 йилдан АҚШда яшаган ва Washington Post газетасида ишлаган. У Истанбулдаги Саудия консулхонасига 2018 йил 2 октябрда ҳужжатларни расмийлаштиргани келгач, изсиз йўқолган. Шундан кейин унинг ўлдирилгани ва буни Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон шахсан буюргани ҳақида тахминлар пайдо бўлган.
АҚШ разведкаси Бин Салмон Қошиқчини қўлга олиш ёки ўлдиришга рухсат берган, деган хулосага келган. Валиаҳд шаҳзода эса ушбу операцияни буюрганини инкор этган, бироқ қиролликнинг де-факто раҳбари сифатида масъулиятни тан олган. Унинг ўлдирилишида, саудиялик агентлар айбдор, деб топилган ва узоқ муддатларга қамалган.
Лекин журналистнинг ўлдирилиши унутилмади. Инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистларда иккала етакчига ҳам кўплаб саволлар бор.
«Қошиқчи бутунлай унутилмади. Лекин икки муҳим давлат ўртасидаги муносабат фақат битта ҳодисага асосланиши керакми? Ёки АҚШ ва Саудиянинг келажакдаги катта манфаатлари ҳам ҳисобга олиниши лозимми?» дейди Вашингтондаги Араб Кўрфази Давлатлари Институтининг президенти Дуглас Силлиман.
Орадан етти йилдан кўпроқ вақт ўтиб, глобал норозиликларнинг пасайиши ва Яқин Шарқда кескинликлар ошиши фонида шаҳзода АҚШга келмоқда.
Эндиликда Муҳаммад бин Салмон ўзини тинчлик воситачиси сифатида кўрсатмоқда. Унинг Эрон билан муносабатларни тиклаш, Ғазода ўт очишни тўхтатиш учун босим ўтказиш ва Суриянинг араб дунёсига қайтишини қўллаши – кескин бурилиш бўлди.
«Ҳам ислоҳотчи, ҳам авторитар» бин Салмон қиролликни ўзгартираётган ва унинг янги келажагини қураётган шахс сифатида кўрилмоқда.
Асосий эътибор – мудофаа келишувлари бўлади
Бу ташрифдан икки томоннинг мақсади ҳам фойда олиш. Хусусан, Трамп май ойидаги қиролликка қилган ташрифи чоғида берилган 600 миллиард долларлик инвестиция ваъдасидан фойда олмоқчи. Нашрнинг ёзишича, бу сафар инсон ҳуқуқларига оид хавотирлар тилга олинмаслиги кутилмоқда.
Қўшма Штатлар ва Саудия Арабистони узоқ йиллар давомида келишувга эга бўлган: унга кўра, Қироллик нефтни қулай нархларда сотади, АҚШ эса бунинг эвазига унинг хавфсизлигини таъминлайди.
Лекин 2019 йилда Эрон Саудиядаги нефть объектларига зарба бергач, АҚШ ҳеч қандай жавоб қайтармади натижада бу «келишув» издан чиқди. Хавфсизлик билан хавотирлар жорий йил сентябрь ойида яна кучайди: Исроил Ҳамас етакчиларини баҳона қилиб Қатар пойтахтини нишонга олди.
Шундан сўнг Трамп Қатарга кенг кафилликлар берган мудофаа пактини имзолади. Кўплаб таҳлилчилар ва минтақадаги расмийларнинг фикрича, саудлар ҳам шунга ўхшаш кафолат ҳужжати олиши мумкин.
Бундан ташқари, аввалроқ АҚШ президенти маъмурияти Саудия Арабистонининг 48 тагача F-35 қирувчи самолётларини сотиб олиш бўйича сўровини кўриб чиқаётгани хабар қилинганди. Миллиардлаб долларлик эҳтимолий битим бин Салмоннинг АҚШга ташрифи арафасида Пентагон ичида муҳим босқичдан ўтган.
Саудия Арабистони сўнгги музокараларда АҚШ Конгресси томонидан тасдиқланадиган мудофаа пакти имзоланишини кутмоқда. Аммо Вашингтон бу келишувни – Саудиянинг Исроил билан муносабатларини нормаллаштиришига боғлаган.
Ар-Риёд эса буни тўлақонли Фаластин давлати тузилишига доир мажбурият олиш билан боғлаган. Ғазода икки йиллик урушдан сўнг Трамп воситачилигида сулҳга имзо чеккан Исроил ҳозирча Фаластин давлатига қарши. Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу якшанба куни буни яна бир бор таъкидлади.
Трампнинг Қатар билан тузилган пактга ўхшаш мудофаа келишуви саудийлар излаётган тўлиқ келишув даражасига етмайди. Найф Араб Хавфсизлик Фанлари Университетидаги халқаро муносабатлар бўйича олим Азиз Алғошианнинг айтишича, бу келишув «жараённинг якуни эмас, бир босқичи» бўлади.
«Трамп нормаллаштиришни хоҳлайди, Саудия эса тўлиқ мудофаа пактини. Лекин шароит бунга йўл қўймайди. Охир-оқибат, ҳар икки томон ҳам хоҳлаганидан камроғини олади. Дипломатия шундай нарса», деган Кўрфазда фаолият юритадиган ғарблик дипломат.
Вашингтондаги Яқин Шарқ Сиёсати Институтида фаолият юритаётган Деннис Росснинг айтишича, Саудия кутаётган ҳар қандай фармон – АҚШни қиролликни фаол ҳимоя қилишга мажбур қилолмайди. Шу билан бирга, бу келишув турли ёрдам шаклларини ўз ичига олиши мумкин. «Қуролларни алмаштиришдан тортиб, THAAD ёки Patriot каби мудофаа ракета тизимларини жойлаштириш, денгиз кучларини сафарбар этишгача. Ҳаттоки жангларда нафақат мудофаа, балки ҳужумкор иштирокигача,» деди у.
AI ва ядровий энергия
Саудия Арабистони иқтисодиётни диверсификация қилиш ва минтақавий рақибларга нисбатан мавқейини мустаҳкамлаш учун «Vision 2030» режасини олға сурмоқда. Бунинг учун ядровий энергия ва сунъий интеллект бўйича ҳам битимлар изламоқда.
АҚШдан юқори даражадаги компьютер чипларига рухсат олиш қиролликнинг глобал AI марказига айланиш режасининг бир қисмидир. Бундан ташқари, июнь ойида кўп миллиард долларлик маълумот маркази бўйича битим имзолаган БАА билан рақобат учун ҳам бу муҳим.
Муҳаммад бин Салмон шунингдек, АҚШ билан Саудия фуқаровий ядровий дастурини ривожлантириш бўйича келишув имзолашни хоҳлайди. Бу унинг нефтга қарамликни камайтириш йўлидаги ҳаракатларининг бир қисми.
Бундай келишув АҚШ ядровий технологиясига кириш, хавфсизлик кафолатлари олиш имконини беради. Шунингдек ўз дастурига эга бўлган БАА ва анъанавий рақиби Эрон билан тенглашиши учун ҳам имконият.
Бироқ АҚШ билан битим бўйича силжиш қийин бўлди. Чунки саудийлар АҚШнинг уранни бойитиш ёки сарфланган ёқилғини қайта ишлашни тақиқловчи талабига рози бўлмаган. Бу иккиси эса бомба яратиш йўлидаги потенциал қадамдир.
Таҳлилчи Деннис Россга кўра, шунга қарамай ядровий энергетика бўйича келишув ёки бу йўлдаги дастлабки қадамлар эълон қилинишини ҳам мумкин.
Мавзуга оид
18:28
Хитой асосчиси Мао ҳақидаги муҳим маълумотлар акс этган ҳужжатлар АҚШ ҳудудида қолади
12:44
Рубио: АҚШ НАТО билан муносабатларни қайта кўриб чиқади
08:33
Трамп: АҚШ Эрон бўйича мақсадига етди, ҳужумлар тез орада тўхтайди
22:50 / 31.03.2026