Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Швейцарияда Гулнора Каримовага нисбатан суд вақтинча тўхтатилди
Швейцарияда пул ювиш билан боғлиқ жиноят ишининг Гулнора Каримовага оид қисми иш юритувдан тўхтатилди. У суд процессида иштирок этмаётгани туфайли шундай қарорга келинди.
Фото: Валерий Левитин / РИА «Новости»
Судяларнинг қайд этишича, айбланувчининг Швейцарияга келишини таъминлаш учун имкон доирасидаги барча чоралар кўрилган.
Жумладан, 2024 йил август ойида суд вакиллари Ўзбекистонга бориб, Ўзбекистон Олий суди расмийлари билан Каримовани Швейцариядаги судга жалб қилиш имкониятини муҳокама қилган. 2026 йил январ ойидаги иккинчи ташрифда эса, Ўзбекистон суди бу сўровга узил-кесил рад жавобини берган.
“Бугун Швейцария Федерал жиноят суди томонидан мижозимиз Гулнора Каримова фойдасига чиқарилган ишни тўхтатиш қарори – Швейцария қонунчилиги бўйича оқлаш билан баробар”, – деди адвокат Грегуар Манжа.
Каримовага алоқадор маблағлар масаласи ҳозирча очиқ қолмоқда. Суднинг қайд этишича, бу пулларни мусодара қилиш имконияти келгуси жараёнларда кўриб чиқилади.
Мазкур ишдаги иккинчи судланувчи – Гулнора Каримованинг бизнес шеригига (Россия телекоммуникация компаниясининг Ўзбекистондаги шўъбаси собиқ раҳбари экани айтилади) оид қисми ҳам тўхтатилди. Судялар уни ҳам суд бўлаётган Беллинзона шаҳрига етиб келолмайди, деб ҳисоблашмоқда, чунки бу шахс эмиграцияда бўлиб турган Россиядан Швейцарияга тўғридан тўғри авиақатновлар 2022 йилдан бери мавжуд эмас. Бошқа давлатлар орқали етиб боришига эса, бу шахсни ҳибсга олиш тўғрисидаги халқаро ордерлар тўсқинлик қилади. Боз устига, бу шахсга нисбатан Швейцарияда илгари сурилган даъво муддати 2027 йил июн ойида тугайди, лекин авиақатновлар бу вақтгача ҳам тикланиши кутилмаяпти.
Шу билан бирга, ушбу ишдаги судланувчилардан яна бири – Lombard Odier банкининг собиқ ходими устидан суд процесси давом этади. Ундан ташқари, банкнинг ўзи ҳам корпоратив жавобгар сифатида пул ювишга қарши қоидаларга лозим даражада амал қилганини кўрсатиб бериши керак. Бу икки жавобгарнинг суддаги иштироки учун тўсиқлар йўқ.
Швейцария Федерал жиноят судида Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова ва бошқаларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш 27 апрел куни бошланди. Прокуратуранинг 2023 йилдаги айблов хулосасида Каримова пора олиш, пул ювиш ва “Офис” номли жиноий тармоққа раҳбарлик қилишда айбланган.
Мавзуга оид
17:41 / 25.04.2026
Швейцарияда Гулнора Каримова устидан суд бошланмоқда
21:18 / 12.11.2025
Гулнора Каримова атрофидаги молиявий триллер: Zeromax кредиторлари судда муҳим ютуққа эришди
18:08 / 24.09.2025
Гулнора Каримовадан мусодара қилинган маблағлар қишлоқ мактабларини янгилашга йўналтирилмоқда
23:08 / 24.04.2025